National Geographic ва The Telegraph Ўзбекистонни сайёҳларга тавсия қилди
Тошкент. 15 июн. ЎзТАГ – National Geographic ва The Telegraph Ўзбекистонни сайёҳларга тавсия қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Ўзбектуризм” АК сайтидаги маълумотга кўра, 10 июнда National Geographic журналида Тара Бартоннинг (TaraIsabella Burton) “Туристлар эътиборига лойиқ 10 жой” номли мақоласи эълон қилинган. Ушбу 10 мамлакат қаторига Ўзбекистон ҳам киритилган.
“Журналист ўз мақоласида Ўзбекистоннинг саёҳлар ташриф буюриши учун афзаллик жиҳатларини тилга олади. Муаллиф мамлакатни сайёҳат учун энг хавфсиз жой ва афсонавий Буюк ипак йўлининг маркази, деб ёзади. Шунингдек, бу ердаги тарихий ёдгорликлар ислом оламидаги энг қадимий обидалардан эканлиги эътироф этилган”, - дейилади хабарда.
10талик рўйхатдан, шунингдек, Арманистон, Непаль, Эрон, Косово, Албания, Тимор-Лесте, Грузия, Тунис каби давлатлар ҳам ўрин олган.
Қайд этиш зарурки, кейинги кунларда нуфузли ғарб нашрларида Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти ҳақида қатор мақолалар эълон қилинди.
Хусусан, 8 июнда Буюк Британиянинг The Telegraph нашри “Ўзбекистонни зиёрат қилишнинг 11та сабаби” номли мақола чоп қилди. Унда муаллиф саёҳатадан олган таассуротлари билан ўртоқлашиб, уни Ипак йўли мозаикасидаги энг яхши парча деб атайди. Унинг сўзларига кўра, бу ерда “вақт бўйлаб саёҳат қилган ҳолда, ҳар бир сайёҳ ўзи учун ажойиб емакхоналар ва сотиб олиш учун ноёб буюмлар топиши мумкин”.
Бундан ташқари, жорий йил 10 июнда британиянинг айнан шу нашри экспертларнинг Saga Holidays туркомпанияси билан бирга Ўзбекистон шаҳарлари бўйлаб 11 кунлик саёҳати ҳақида мақола чиқарди.
“Сайёҳлик бўйича экспертлар британ нашри номидан бир неча кўрсаткичларни 10-балли тизимда баҳоладилар. Баҳолар туристик маршрут, меҳмонхоналарда жойлашиш, ресторанлар, гид хизматлари, транспорт (поезд ва такси) ва нарх ва сифат мутаносиблиги каби кўрсаткичларни ўз ичига олди. Ўзбекистон томонидан олинган умумий баҳо 10 имкониятдан 9 баллга тенг бўлди”, - дейилади маълумотда.