НАТО “Қатъий кўмак” миссиясидан кейин ҳам Афғонистонда қолиш ҳақида қарор қабул қилди

Дата: 14:09, 14-05-2015.

Тошкент. 14 май. ЎзТАГ – НАТОга аъзо мамлакатлар ТИВ раҳбарлари, шунингдек, альянс ҳамкорлари туркиянинг Белек шаҳрида бўлиб ўтаётган вазирлик саммитининг биринчи кунини ўтказдилар. Диққат марказида НАТОнинг Афғонистондаги янги миссияси - “Қатъий кўмак”ни амалга ошириш масаласи ҳам бўлди, деб хабар беради Афғон телеграф агентлиги (АфТАГ).

Вазирлар миссия якунланганидан кейин ҳам ушбу мамлакатда НАТО кучларининг қолишига қарор қилганлар. “Бугун биз муҳим қарор қабул қилдик - “Қатъий кўмак” миссиясидан (унинг таркибида Афғонистонда 12,5 минг киши колмоқда) кейин ҳам Афғонистонда қолишга келишдик. НАТОнинг Афғонистондаги кейинги миссияси фуқаролик характерида бўлсада, ҳарбий таркибга ҳам эга бўлади”, - деди альянс бош котиби Столтенберг. Унинг сўзларига кўра, НАТО Афғонистон ҳарбий кучларига техник ва молиявий кўмаклашишда давом этади. Бу ҳақида ТАСС хабар қилмоқда.

“Биз альянснинг ҳарбий ва фуқаролик органларига НАТОнинг Афғонистонда қолишини давом эттириш режасини ишлаб чиқиб, уни кузга тайёр қилишни топширдик. Мақсадимиз – афғон хавфсизлик кучларига улар салоҳиятларини кучайтириш йўлида маслаҳатлар беришдан иборат”, - деб аниқлаштирди у. Айни пайтда Столтенберг бўлажак миссия таркиби ҳақидаги саволга жавоб беришдан бош тортди. Лекин у янги миссия таркиби “Қатъий кўмак” миссиясига солиштирганда камроқ бўлишини таъкидлади. Бу масала ҳозирда муҳокама қилинмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: