Навбатдаги “Саломатлик” поезди Тошкентдан Оролбўйига жўнаб кетди

Дата: 18:41, 18-05-2017.

Тошкент. 18 май. ЎзТАГ – Навбатдаги “Саломатлик” гуманитар поезди Тошкент вокзалидан Оролбўйи, жумладан, Қорақалпоғистон Республикасига жўнаб кетди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Поезд-акция 28 майгача Тошкент-Қорақалпоғистон-Жаслик-Мискин-Тўрткўл-Тошкент маршрутидан ўтади. У “Соғлом авлод учун” фонди ва “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ва бошқалар томонидан ташкил этилган.

Поездга “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ малакали шифокорлари ҳамроҳлик қилмоқда. Улар экологик жиҳатдан ноқулай шароитда истиқомат қилувчи аҳолини, айниқса, аёллар ва болаларни тиббий кўрикдан ўтказадилар.

Шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим кечак, дори-дармонлар, витаминлар, ногиронлик коляскаларидан иборат 15 млрд 167,2 млн сўмлик гуманитар юклар ҳам топширилади.

Акция доирасида аҳоли орасида соғлом турмуш тарзи, тиббий маданиятни ошириш бўйича учрашувлар ўтказилади.

Эслатиб ўтамизки, бундан олдинроқ, 21-29 мартда Тошкент-Сариосиё-Қумқўрғон-Бойсун-Дарбанд-Оқрабод-Деҳқонобод-Қарши-Тошкент йўналишида “Саломатлик” поезди ташкил этилган эди. 19-27 апрелда эса Тошкент-Тинчлик-Конимех-Кара-ката-Мустақиллик-Ажибугут-Қизилқудуқ-Бузовбой-Учкудук II-Тошкент йўналишида поезд йўлга чиққан эди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: