Навоий шаҳрида бўлиб ўтган форум якунлари бўйича Ўзбекистон, АҚШ ва Канада 10 та битим имзолади

Дата: 15:29, 20-05-2019.

Тошкент. 20 май. ЎзТАГ - Навоий шаҳрида бўлиб ўтган форум якунлари бўйича Ўзбекистон, АҚШ ва Канада 10 та битим имзолади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"17 май куни Навоий шаҳрида биринчи ўзбек-америка-канада бизнес-форуми бўлиб ўтди. Тадбирда АҚШ губернатори Фил Брайант бошчилигидаги Миссисипи (АҚШ) штати делегацияси, АҚШ-Ўзбекистон савдо палатаси аъзолари, Техас, Флорида, Небраска штатларидаги ишбилармонлар, АҚШ Эксимбанк, ЮСАИД, Тошкент шаҳридаги Америка дипломатик ваколатхона вакиллари, шунингдек, ушбу мамлакатнинг Ўзбекистондаги муваққат ишлар бўйича вакили Аник Гул бошчилигидаги Канада савдо ваколатхонаси иштирок этди", - дейилади ТИВ матбуот хизмати хабарида.

Тадбир доирасида Миссисипи губернатори, Канада ишбилармон доиралари делегацияси раҳбари, Ўзбекистон ҳукумати амалдорлари ва Навоий вилоятида лойиҳаларни амалга ошираётган етакчи хорижий инвесторларнинг чиқишлари бўлиб ўтди. Шунингдек, ташкил этилган кооперация биржасида Ўзбекистон ишбилармон доиралари вакилларининг АҚШ ва Канаданинг потенциал ҳамкорлари билан тўғридан-тўғри икки томонлама музокаралари бўлиб ўтди.

"Бизнес-форум якунлари бўйича 10 та битим имзоланди, шундан бештаси – савдо-инвестиция соҳасида умумий қиймати 150 млн доллар, қолганлари эса таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, қардошлик муносабатларини ривожлантириш соҳасида. Хусусан, Навоий вилояти ҳокимлиги АҚШнинг «Calatrava Grace» компанияси билан моноблок заводи ва арзон уй-жой қурилиши лойиҳасини амалга ошириш бўйича 100 млн долларлик инвестицияга битим имзолади. Канада «Advanced Bio-Oil Technologies» компанияси билан 24 млн доллар миқдорида хорижий инвестициялар ҳажми билан биоёқилғи олиш учун экинларни етиштириш кластерини яратиш бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилди", - дейилади хабарда.

Бундан ташқари, Зарафшон ва Клинтон шаҳарлари ўртасида биродарлик алоқаларини ўрнатиш тўғрисида битим имзоланди. Илгари бундай муносабатлар Тошкент ва Сиэтл, Бухоро ва Санта-Фе ўртасида ўрнатилганди.

 

Сурат манбаи: ok.ru

Янгилик билан ўртоқлашиш: