Навоий вилояти эркин иқтисодий зона этиб белгиланди

Дата: 12:39, 17-05-2019.

Тошкент. 17 май. ЎзТАГ – Ўзбекистоннинг Навоий вилояти эркин иқтисодий зона этиб белгиланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"Президентнинг 2019 йил 15 майдаги Фармони билан Навоий вилояти 2030 йил 1 январгача бўлган даврда инновацион, юқори технологияли, экспортбоп ва импорт ўрнини босувчи ишлаб чиқариш учун эркин иқтисодий зона этиб белгиланди", - дейилади Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабарида.

Қайд этилганидек, Навоий вилоятини ривожлантиришнинг асосий йўналишларидан бири қимматбаҳо тошлар ва металларни қайта ишлаш соҳасида янги замонавий ишлаб чиқаришларни ташкил этиш белгиланган.

"Навоий" ЭИЗ иштирокчиси мақомини олган корхоналар ер солиғи, даромад солиғи, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ, микрофирмалар ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови, асбоб-ускуналар, хом ашё, материаллар ва бутловчи буюмлар учун божхона тўловлари, республикада ишлаб чиқарилмайдиган қурилиш материаллари учун божхона тўловлари тўлашдан озод этилаётгани қайд этилади.

Шунингдек, хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг таъсисчилари учун 2019 йил 1 июлдан бошлаб "инвестиция визаси" амал қилиш муддати уч йилгача республика ҳудудидан чиқмасдан узайтирилиши мумкин.

Бундан ташқари, фармон билан "Навоий" ЭИЗнинг ишлаб чиқариш, муҳандислик-коммуникацион ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.

"Унда кўрсатилган тадбирларни амалга ошириш учун 67 млрд 735 млн сўм маблағ ажратилди", - деб якунланади хабар.

 

Сурат манбаи: pv.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: