“Навоийазот” қиймати $1,8 млрдлик инвестицион лойиҳаларни амалга оширмоқда
Тошкент. 8 июл. ЎзТАГ – Мамлакатнинг энг йирик кимё корхонаси бўлган “Навоийазот”да умумий қиймати $1,8 млрдлик уч инвестицион лойиҳалар амалга оширилмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) “Ўзкимёсаноат” бошқаруви раиси Нормат Ибрагимовга асосланган ҳолда.
“CAMCE Engineering ва HQC Shanghai хитой ширкатлари консорциуми билан ҳамкорликда мамлакат учун янги бўлган поливинилхлоридни (ПВХ), шунингдек, каустик сода ва метанолни ишлаб чиқаришни ташкил қилиш режалаштирилмоқда. Япониянинг “Мицубиси корпорейшн” ва “Мицубиси хеви индастриз” консорциумлари билан биргаликда аммиак ва карбамид бўйича янги қувватлар қурилмоқда”, – деб таъкидлади “Ўзкимёсаноат” раҳбари.
Бундан ташқари, “Касале” швейцар компанияси билан биргаликда корхонада азот кислотаси ишлаб чиқаришни янгилаш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш натижасида уч йилдан сўнг “Навоийазот”да 100 минг тонна ПВХ, 75 минг тонна каустик сода ва 295,4 минг тонна метанол ишлаб чиқарила бошлайди.
Юқоридаги лойиҳалар ҳисобига корхона томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ҳажми 920 млрд сўмга ошади, экспорт эса $205 млндан зиёдга кўпаяди.


