Назарбоев Каримов Қозоғистоннинг ишончли дўсти бўлганлигини таъкидлаб ўтди

Дата: 21:46, 04-09-2016.

Тошкент. 4 сентябр. ЎзТАГ – Ислом Каримов Қозоғистоннинг ишончли дўсти эди. Бу ҳақда Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг Самарқандда 2016 йил 3 сентябрда ўтказилган Ислом Каримовнинг дафн маросимида ўқиб берилган мактубида баён қилинган, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Қозоғистон Республикаси президентининг мактубини Қозоғистон Бош вазири Карим Масимов ўқиб берди.

“Ислом Абдуғаниевич Каримов вафот этгани тўғрисидаги малъум хабарни чуқур қайғу билан қабул қилдим. Қозоғистонликлар қардош ўзбек халқининг қайғусига шерик. Деярли 30 йил бирга ишлаган дўстимни йўқотганимдан қайғудаман”, - дейилади Нурсултон Назарбоевнинг мактубида.

“Мустақиллик йилларида Ўзбекистон ҳаётида рўй берган кенг кўламли ўзгаришлар, мамлакатнинг иқтисодий салоҳияти ва халқаро ҳамжамиятдаги нуфузи юксалгани, аҳоли турмуш даражаси ошгани бевосита Ислом Каримов номи билан боғлиқ”, - дейилади ҚР раҳбари мактубида.

“У бутун умрини она халқига беминнат хизмат қилишга бағишлади. У Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга улкан ҳисса қўшди. Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг ёрқин хотираси юракларимизда абадий қолади. Унинг оила аъзоларига, бутун ўзбек халқига ҳамдардлик билдираман”, - деб хулоса қилинади Нурсултон Назарбоевнинг мактубида.

Янгилик билан ўртоқлашиш: