Назарбоев Қозоғистон халқига бешинчи бор қасамёд қилади

Дата: 12:21, 29-04-2015.

Тошкент. 29 апрел. ЎзТАГ – Қозоғистоннинг янги муддатга сайланган президенти Нурсултон Назарбоевнинг инаугурацияси чоршанба куни Астанада бўлиб ўтади. Маросим Мустақиллик саройида ўтказилади, дея хабар беради Қозоқ телеграф агентлиги (КазТАГ).

ҚР Конституциясининг 42 моддасига мувофиқ, Қозоғистон президенти халққа Конституция ва Қозоғистон Республикаси қонунларига қатъий амал қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш, ўз вазифасини сидқидилдан бажаришга қасамёд қабул қилган ондан бошлаб лавозимини бажаришга киришади.

Маросим залига давлат рамзлари, Қозоғистон Конституцияси ва давлат байроғи келтирилади.

Президент Конституцияга қўлини қўйган ҳолда қасамёд қилади. Тантанали равишда қасамёд қилинганидан кейин гимн ижро этилиб, президент қароргоҳи узра давлат байроғи кўтарилади. Кейинчалик Н.Назарбоевга президент гувоҳномаси, кўкрак белгиси, президент штандарти ва “Алтын Қыран” ордени топширилади. Президент инаугурация нутқи айтади. Шундан кейин уни ҳарбий қўшинларнинг парад қисмлари қутлайди.

Бу йилги маросимда кўплаб хорижий меҳмолнлар келиши кутилмаяпти. У қатъий равишда протоколга мувофиқ ўтказилади.

Тадбир давлат телеканалларининг тўғридан-тўғри эфирига узатилади.

Эслатиб ўтамизки, 26 апрелда Қозоғистонда навбатдан ташқари президент сайловлари бўлиб ўтди. Унда 97,75% сайловчилар Н.Назарбоевни ёқлаб овоз бердилар.

Маълумот ўрнида, у 1990 йил апрелдан буён Қозоғистон президентидир. Давлат раҳбарини сайлаш бўйича илк сайловлар 1991 йил декабрда ўтказилган эди. 1995 йил 29 апрелда унинг ваколатлари умумхалқ референдуми орқали 2000 йилгача чўзилган эди. 1999 йилнинг январида муқобил асосда Н.Назарбоев президент этиб сайланди. Учинчи сайловлар 2005 йил 4 декабрда ўтказилди ва унда Н.Назарбоев 91,15% овоз олди. 2011 йилдаги сайловларда эса 95,5% сайловчилар яна Н.Назарбоевга овоз бердилар.

Янгилик билан ўртоқлашиш: