Назарбоев Туркиядаги ИҲТ саммитида иштирок этади ва Ўзбекистонга ташриф буюради

Дата: 11:48, 08-04-2016.

Ташкент. 8 апреля. УзТАГ – 11-15 апрел кунлари Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Эрон, Туркия ва Ўзбекистонга ташриф буюради, деб хабар беради Қозоқ телеграф агентлиги (КазТАГ).

Оқўрда сайтидаги маълумотга кўра, Н.Назарбоев 11-12 апрелда Эрон президенти Ҳасан Рухоний таклифига кўра Эронга боради.

Икки мамлакат раҳбарлари Ҳасан Рухонийнинг Астанага 2014 йил сентябрдаги ташрифида имзоланган келишувларнинг бажарилишини муҳокама қилишлари режалаштирилмоқда. Бундан ташқари, турли соҳалардаги ҳамкорлик, халқаро ва минтақавий хавфсизлик масалалари ҳам муҳокама қилинади.

Бундан ташқари, 13-14 апрелда Қозоғистон раҳбари Туркияга Ислом ҳамкорлик ташкилотининг XIII саммитида қатнашиш учун ташриф буюради. Саммитнинг асосий мавзуси “Адолат ва тинчлик учун бирлик ва ҳамдўстлик”дан иборат.

Ташриф давомида Н.Назарбоевнинг Туркия президенти Режеп Тайип Эрдоған билан учрашиши кўзда тутилмоқда. Учрашувда томонлар Астана ва Анқара ҳамкорлигининг асосий йўналишларини муҳокама қиладилар. Бундан ташқари, саммитда бошқа делегациялар бошлиқлари, Туркия ишбилармонлари билан ҳам учрашувлар режалаштирилган.

15 апрелда Қозоғистон президенти Ўзбекистонга ташриф буюриб, мамлакат раҳбари Ислом Каримов билан учрашади. Музокараларда давлат раҳбарлари иккитомонлама муносабатларнинг ҳал қилувчи жиҳатларини муҳокама қилиши режалаштирилмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: