“Нефтчи” билан ўйиндан кейин “Бунёдкор” бош тренери истеъфога чиқишга қарор қилди
Тошкент. 23 сентябр. ЎзТАГ – Фарғонада 20 сентябрдаги “Нефтчи” билан ўйиндан кейин “Бунёдкор” бош тренери Сергей Лущан истеъфога чиқишга қарор қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Тошкент клуби сайтидаги маълумотга кўра, “клуб раҳбарияти унинг аризасини кўриб чиқди ва истеъфо борасидаги мурожаатни қабул қилди”.
Шу билан бирга, собиқ мураббийга клубда олиб борган фаолияти учун миннатдорчилик билдирилган, айниқса, Сергей Ивановичнинг асосий жамоага бир неча ёшларни жалб этгани ва уларнинг маҳоратини оширишда катта ҳисса қўшганлиги, қолаверса турли ёшдаги Ўзбекистон терма жамоаларига қанчадан-қанча номзодларни етиштириб берганлиги алоҳида эътироф этилган.
“Бунёдкор” ФК раҳбарияти Сергей Лушчанни унинг аввалги лавозими – “Бунёдкор” футбол мактаби директорлигига қайтаришни маъқул топди”, - деб таъкидланади маълумотда.
Эслатиб ўтамизки, С. Лущан “Бунёдкор” ФК бош мураббийи сифатида 2014 йилнинг 3 июнидан бошлаб фаолият юритди. Шу вақт оралиғида у “қалдирғочлар”га 56та учрашувда устозлик қилди. Шуларнинг 31тасида ғалаба, 9та баҳсда дуранг ва 16та учрашувда мағлубият қайд этилди. Тўплар фарқи 77-44 бўлиб, “Бунёдкор” фойдасига.
Унинг бошчилигида “қалдирғочлар” икки бор Ўзбекистон кубоги финалига йўлланма олди.
Клуб раҳбарияти қарорига кўра, “асосий таркибнинг мамлакат чемпионатидаги ва Ўзбекистон кубоги финалидаги иштироки учун масъулият клуб директори Бахтиёр Бобоевга юклатилган.
У қатор клубларда ўйинчи ва “Косонсойчи”, “Навбахор” (Наманган) жамоалари муараббийси сифатида танилган. Сўнгги жамоа билан у 1996 йилда Ўзбекистон чемпиони бўлган.


