“Нексия” ва “Матиз”лар Россияда энг кўп сотилаётган 25 автомобил рўйхатига кирмади

Дата: 17:56, 24-06-2014.

Тошкент. 24 июн. ЎзТАГ – Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган ва одатда Россияда оммабоп бўлган “Нексия” ва “Матиз” автомобиллари Россияда энг кўп сотилаётган 25 автомобилларнинг анъанавий рўйхатига кирмади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Россияда сотилаётган ўзбек автомобиллари орасида энг яхши натижа Gentra (23-ўрин) моделига тегишли. 2014 йилнинг январ-феврал ойларида ушбу моделнинг сотувлари 4,56 мингтани ташкил қилди, шу жумладан, январда 2,11 минг, февралда 2,45 мингта.
Европа бизнеси ассоциациаси Автоишлабчиқарувчилар қўмитаси маълумотларига кўра, 2014 йилнинг биринчи икки ойи мобайнида ўзбек автомобилларига талаб 34% тушганлиги кузатилди.
Жорий йилнинг январ-февралида Россияда 8,25 минг ўзбек автомобили сотилди. 2013 йилнинг ана шу даврида ушбу кўрсаткич 12,49 мингта машинани ташкил этган эди.
Натижада ўзбек автомобилларининг Россия бозоридаги улуши жорий йилнинг феврали охирига келиб 3,4%дан 2,3%гача пасайди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: