Немис депутат ва бизнесменлари Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватладилар

Дата: 14:06, 28-11-2017.

Тошкент. 28 ноябр. ЎзТАГ – Немис депутат ва бизнесменлари Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватладилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ушбу ташаббус 2017 йил 23 ноябрда Берлинда К.Аденауэр номидаги фонд Академиясида бўлиб ўтган ўзбек-герман “давра суҳбати”да айтиб ўтилди. Тадбирда Германия парламентарийлари, тадқиқот ва академик доиралар, бизнес ҳамжамиятлар ҳамда Ташқи ишлар федерал вазирлиги вакиллари иштирок этдилар.

Хусусан, ГФР Бундестаги депутати Кристиан Хирте Президент Шавкат Мирзиёевнинг давлат органлари фаолиятининг транспарентлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, фуқароларнинг жамоат ва давлат ишларини бошқариш ҳуқуқлари кафолатини мустаҳкамлашга қаратилган сиёсати ўта муҳим эканини таъкидлади.

Германия иқтисодиёти Шарқий қўмитасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Эдуард Кинсбрунернинг таъкидлашича, Германия бизнес ҳамжамияти Жаҳон банки томонидан хорижий валюта бозорини эркинлаштириш, мулкчилик ҳуқуқларини таъминлаш, рақобат муҳитини яратиш, иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш, давлат-хусусий шерикчилигини ривожлантириш, шунингдек, минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича жадал иқтисодий ислоҳотлар олиб бораётган давлатлар ўнталигига киритилган Ўзбекистоннинг бу борадаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди. Бу Ўзбекистон ва ГФР ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш учун қулай шароит яратмоқда. 

ГФР Бундестаги депутати, парламент фракцияси аъзоси доктор Йоахим Пфайфер Германия бизнес ҳамжамиятининг Ўзбекистон иқтисодиётининг асосий тармоқлари, авваламбор, муқобил энергетика ва халқ хўжалиги энергия самарадорлигини ошириш каби истиқболли соҳаларини модернизация қилиш бўйича қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга бўлган қизиқиши тобора ортиб бораётганини қайд этди. 

Янгилик билан ўртоқлашиш: