Непалдаги янги зилзилада яна 40 ошиқ киши қурбон бўлди, мингдан зиёд киши жабрланди

Дата: 15:14, 13-05-2015.

Тошкент. 13 май. ЎзТАГ – Непалдаги янги икки зилзилалар натижасида яна 40 ошиқ киши қурбон бўлди, мингдан зиёд киши жабрланди. Бу ҳақида жаҳон ОАВ хабар бермоқда.

Сейсмологларнинг маълумотларига кўра, қуввати 7,3 баллик биринчи ер силкиниши маҳаллий вақт билан соат 12.35да мамлакат жанубида Намче-Базар қишлоғидан 68 км ғарброқда Хитой ва Эверест тоғи чегарасида содир бўлган. Унинг маркази ер қаъридан 18,5 км пастда бўлган. Ярим соатдан кейин – соат 13.00да қуввати 6,3 баллик иккинчи зилзила содир бўлган.

Бир вақтнинг ўзида Афғонистонда, Тожикистон чегарасидан узоқ бўлмаган жойда қуввати 4,6 баллик учинчи зилзила қайд этилган. Бу ердан қурбонлар ҳақида хабарлар олингани йўқ.

ВВС британ телерадио хизматининг зилзила пайтида гуманитар ёрдам олиб бораётган автоколоннада бўлган мухбири силкинишлар анча вақт давомида сезилиб тургани ҳақида хабар қилди.

Ер ости силкинишлари Ҳиндистон пойтахти Деҳли, шунингдек, Бангладешда ҳам сезилгани хабар қилинмоқда.

Непал ички ишлар вазири зилзилалар мамлакатнинг 26 туманини қамраб олганини баён қилди, аммо ҳодисанинг ҳақиқий кўлами ҳозирча маълум эмас. БМТнинг гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармасида қатор аҳоли пунктларидаги бинолар қулаб тушгани ҳақида хабар беришди. Муҳожирлик масалалари бўйича халқаро ташкилот ҳам Катмандудан шарқдаги Чаутара шаҳрида ҳам бинолар қулаб тушиб, уларнинг остида кишилар қолиб кетгани ҳақида хабар берди. Бундан ташқари, хитой Тибетида ҳам иншоотлар қулаб тушган, автомобилини бино парчалари босиб қолган бир киши қурбон бўлгани хабар қилинмоқда. Непал билан чегарадош ҳинд туманлари, асосан Бихар штатида 17 киши ҳалок бўлгани ҳақида маълум қилинмоқда.

Зилзилалар натижасида Чаутара туманида ҳам бир неча кўчкилар юзага келган. Непалга олиб келинаётган гуманитар ёрдамнинг асосий қисми ўтаётган Катманду аэропорти вақтинчалик ёпилган, лекин бир оздан кейин аэропорт яна ишлай бошлаган. Бундан ташқари, мамлакатда телефон алоқаси бузилган.

Эслатиб ўтамизки, 25 апрелда Непалда қуввати 7,9 баллик зилзила содир бўлган эди. Сўнгги маълумотларга кўра, 8,4 минг киши унинг қурбони бўлиб, 17,5 минг киши жароҳатланган. Ярим миллион непалликлар бошпанасиз қолганлар.

Янгилик билан ўртоқлашиш: