Непалдаги зилзила қурбонлари 7,6 минг кишидан ошди

Дата: 14:54, 06-05-2015.

Тошкент. 6 май. ЎзТАГ – Непалдаги кучли зилзила қурбонлари 7,6 минг кишидан ошди, деб хабар қилади Росбалт.

Непал полицияси маълумотларига кўра, 7611 киши зилзиладан ҳалок бўлиб, 14456 киши жабрланган.

Шунингдек, апрелдаги зилзила натижасида юзага келган кўчки остидан маҳаллий аҳоли ва сайёҳларнинг 100 атрофида жасадлари чиқариб олинди.

Улар Катмандудан 60 км шимолда, Лангтанг қишлоғидан топилган. Бутун қишлоқ, жумладан, сайёҳлар учун қурилган 55 уйни кўчки олиб кетган.

Эслатиб ўтамизки, 25 апрелда мамлакатнинг ғарбий ҳудуди, пойтахт Катмандудан 84 км масофада 7,9 баллик зилзила содир бўлган эди. Шунингдек, 70 такрорий силкинишлар ҳам кузатилган.

Непал Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, 1,9 минг уй, камида 4 минг иншоотлар бузилган. Эверестда қор кўчкилари натижасида 80 альпинист ҳалок бўлган. Ҳиндистон, Мьянме ва Бангладешда ҳам зилзила акс садо берган.

БМТ маълумотларига кўра, табиий офат 28 млн Непал аҳолисининг 8 млнига таъсир қилган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: