Nestle Тошкентдаги ичимлик суви қуйиш заводини ёпмоқда

Дата: 13:13, 07-11-2017.

Тошкент. 7 ноябр. ЎзТАГ – Nestle Uzbekistan 2017 йил 1 декабрдан Тошкентдаги ичимлик суви қуйиш заводини ёпмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Nestlé Uzbekistan компанияси тоифалар портфелининг оптималлаштирилиши ва самарадорликни ошириш мақсадларида 2017 йилнинг 1 декабридан 18,9 литр форматидаги қадоқланган сувни қуйиш ва етказиш бўйича бизнесидан чиқишга ҳамда 5 литр форматидаги сув чиқаришни тўхтатишга қарор қилди. Ушбу қарор бизнеснинг жорий истиқболлари ҳамда янги бозор конъюнктураси туфайли ташкилий структурани оптимиллаштириш билан боғлиқ равишда қабул қилинди”, - дейилади компания хабарида.

Ишлаб чиқарувчи маълумотига кўра, айни пайтда Намангандаги завод сут йўналишининг кенгайиши муносабати билан ишини давом эттиради.

Эслатиб ўтамизки, Nestlе сув қуювчи заводни Тошкентда 2011 йили очган эди. Бу ерда 1,5, 5 ва 8,9 литр форматларидаги Nestlé Pure Life сувлари қуйилган. Ўша йилнинг ўзида компания пойтахтдаги идора ва уйларга сув етказиб бериш хизматини йўлга қўйган эди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: