New Silk Road Oil And Gas Бухоро вилоятида газоконденсат конларини ўзлаштиришга киришди
Тошкент. 1 июн. ЎзТАГ – New Silk Road Oil And Gas корхонаси “Ўзбекнефтегаз” ва CNODC ширкати (Хитойнинг CNPC нефтегаз корпорацияси бўлими) билан биргаликда Бухоро вилоятида газоконденсат конларини ўзлаштиришга киришди. Бу ҳақида “Газета.uz” нашри хабар қилмоқда.
Яқинда Хўжасаёт участкасида конларни жиҳозлаш бўйича ишлар бошланиши муносабати билан расмий маросим бўлиб ўтди. Корхонанинг лицензияли майдонида конни жиҳозлаш, шунингдек, 16 та эксплуатация қудуқларини қуриш режалаштирилмоқда, конларда бир йилда қазиб чиқариладиган қазилмалар ҳажми 1 млрд кубометр табиий газ ва 6500 тонна конденсатга етиши керак.
“Президент Шавкат Мирзиёевнинг Хитойга ташрифи доирасида CNPC раҳбари билан музокаралар ўтказилиб, лойиҳани молиялаштириш масаласи ҳал этилган эди”, - деб таъкидлади холдинг вакили. Унга кўра CNPC хитой банклари билан келишув имзолаган.
Қиймати $378 млн бўлган лойиҳа корхонанинг ўз маблағлари, шунингдек, CNPC кафолати остида Хитой кредитлари ҳисобидан молиялаштирилади.
Эслатиб ўтамизки, 2006 йил июнда CNODC “Ўзбекнефтегаз” МХК билан бешта инвестблокларда 5 йил давомида геология-қидирув ишларини ўтказиш бўйича келишув имзолаган эди. Беш йил давомида инвестициялар ҳажми $359 млнга етди.
2013 йил сентябрида “Ўзбекнефтгаз” ва CNODC паритет асосда Қоракўл инвестиция блокида конларни қидириб топиш ва ишлаб чиқиш бўйича корхона тузган эди. Янги корхонанинг хом ашё базаси Қоракўл блокидаги учта газ-конденсат конлари – Хўжадавлат, Шарқий Олот ва Денгизкўл конидаги Хўжасаёт ер майдони этиб белгиланган эди.