Нобиометрик ўзбек паспортининг хориждаги амал қилиш муддати тугади – ТИВ

Дата: 22:21, 15-01-2016.

Тошкент. 15 январ. ЎзТАГ – Куни-кеча Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Нобиометрик ўзбек паспортининг бошқа мамлакатлардаги амал қилиш муддати ҳақида хабар чиқарди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Хабарда “Кўп сонли мурожаатлар сабабли шуни хабар қиламизки, ‘Ўзбекистон Республикасида паспорт тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора тадбирлар тўғрисида’ги 2011 йил 5 январ ПФ-4262-сонли Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига биноан Ўзбекистон Республикаси фуқароси паспорти 2015 йил 31 декабрга қадар ҳақиқий эди ва бу ҳақда хорижий давлатларга хабар қилинган эди”, - деб таъкидланади.

Кейинчалик хабарда “Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикасида доимий рўйхатдан ўтган ва Ўзбекистон Республикаси нобиометрик фуқаролик паспорти билан хорижий давлат ҳудудида вақтинча бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари Ўзбекистонга қайтишлари учун Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ёки консуллик муассасаларига мурожаат қилишлари ва республикага қайтиш сертификатини олишлари керак”, - дейилади.

“Хорижда доимий яшаш жойидан ўрнатилган тартибда рўйхатдан чиққан ва Ўзбекистон Республикаси нобиометрик фуқаролик паспорти бўйича доимий консуллик рўйхатига олинган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари паспортни биометрик паспортга алмаштиришлари учун Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ёки консуллик муассасаларига мурожаат қилишлари керак”, - деб хулоса қилади ТИВ.

Эслатиб ўтамизки, Ўзбекистон ичида эски бичимдаги паспорт ҳалиям амал қилмоқда. Аммо бунга доир бирон расмий маълумот эълон қилингани йўқ.

Янгилик билан ўртоқлашиш: