Норвегия БМТнинг Орол ҳудуди Траст фонди учун $1,1 млн ажратди

Дата: 13:45, 05-04-2019.

Тошкент. 5 апрель. ЎзТАГ – Норвегия Орол денгизи ҳудуди аҳоли учун инсон хавфсизлигини таъминлаш мақсадида БМТнинг Траст фонди учун $1,1 млн миқдорида маблағ ажратди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“1 апрель куни Норвегия ҳукумати ва Нью-Йоркдаги БМТнинг Ўзбекистонни Оролбўйи ҳудуди учун Инсон хавфсизлиги кўп томонлама шериклик траст жамғармасига 9,5 млн Норвегия крони ($1,1 млн) миқдоридаги тўловни тасдиқловчи стандарт шартларни имзоладилар”, - дейди БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси матбуот хизмати хабарида.

Юқорида таъкидланганидек, 1960 йилларгача дунёнинг тўртинчи ёпиқ денгизи бўлган Оролнинг қуриши миллий ва минтақавий чегаралар доирасидан чиқувчи энг катта экологик фалокати ҳисобланади.

“Орол денгизи учун инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик траст жамғармаси ҳукумат ва ривожланиш соҳасида ҳамкорларга айнан инсонларга йўналтирилган, жамоаларнинг аҳволи, талаб ва эҳтиёжларига асосланган, ҳаракат суръатлари ва инновацияларга алоҳида эътибор берган ҳолда ечимларни ишлаб чиқишда биргаликдаги фаолият олиб бориш имконини бермоқда. Биз Жамғарманинг донорига айланиб, Орол денгизи муаммоларини ҳал қилиш ишига тарафдорлигини тасдиқлаган Норвегиянинг мазкур қарорини қўллаб-қувватлаймиз. Бу қарор Ўзбекистондаги тезкор ривожланишга кўмак беришда Норвегиянинг қатъиятлилигидан далолат беради”, - дея таъкидлади БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Хелена Фрейзер.

Таъкидланишича, Ўзбекистон ҳукумати $6,5 млн миқдоридаги улушини қўшиш ҳақида мажбурият олган, улардан $2 млн фонд ҳисобига ўтказилган. Норвегия Жамғамага маблағ киритган биринчи ташқи донор бўлди.

Ўзбекистон БМТ билан ҳамкорликда Орол денгизи ҳудудида истиқомат қилаётган жамоалар дуч келаётган муаммолар ҳақида хабардорликни ошириш ва Траст жамғармасига қўшимча молиявий ва техник ресурсларини жалб қилиш бўйича фаол ишларни олиб бормоқда.

Сурат манбаи: ca-news.org

Янгилик билан ўртоқлашиш: