Ноябр бошида Тошкентда Халқаро инвестиция форуми бўлиб ўтади
Тошкент. 10 сентябр. ЎзТАГ – 5-6 ноябрда Тошкентда Халқаро инвестиция форуми бўлиб ўтади, деб хабар қилади Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.
“Тадбирдан кўзланган асосий мақсад – Ўзбекистон Республикасида хусусийлаштириш давлат дастурига киритилган етакчи корхоналарни тақдим этиш ва уларни ишлаб чиқаришнинг модернизацияланиши ва технологик янгиланишини таъминлаш, ички ва ташқи бозорларда рақобатбардош бўлган маҳсулотларнинг ишлаб чиқарилишини ташкил этиш, шунингдек замонавий корпоратив бошқарув усулларини жорий қилиш имкониятига эга стратегик чет эл инвесторларига сотувга чиқаришдир”, - дейилади ТИВ пайшанба куни эълон қилинган хабарида.
Форумда Ўзбекистон Ҳукумати аъзолари, вазирлик ва идоралари раҳбарлари, расмий хорижий делегациялар, етакчи чет эл компаниялари, инвестиция фондлари ва банклари, шунингдек Жаҳон банки, Халқаро молия корпорацияси, Осиё тараққиёт банки ва шу каби бошқа халқаро молия муассасалари раҳбарлари иштирок этиши ҳам айтиб ўтилган.
“Тадбир дастуридан пленар йиғилишлар, йирик чет эл инвесторларининг Ўзбекистонда бизнес юритиш тажрибасига оид маърузалари, иқтисодиётнинг турли йўналишлари бўйича секциявий йиғилишлар ва улар доирасидаги хусусийлаштириш учун таклиф этилаётган объектлар тақдимоти, корхоналарга ташриф, шунингдек тадбирнинг бизнес соҳага доир қисмини тўлдириш мақсадида кўҳна Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарлари зиёратини ўз ичига олган маданий дастур ўрин олган”, - деб таъкидланади хабарда.


