Ноябр-декабрда Тошкентда беш зилзила рўйхатга олинди, лекин энг кучлиси октябр охирида бўлиб ўтди
Ташкент. 28 декабр. ЎзТАГ - Ноябр-декабрда Тошкентда беш зилзила: ноябрда учта, декабрда иккита рўйхатга олинди, лекин энг кучлиси октябр охирида бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ўзбекистон ФА Сейсмология Институти маълумотларига кўра, 17, 20 ва 21 ноябр кунлари Тошкент ҳудудида деярли кетма-кет ўртача 2 балллик зилзилалар сезилди. Ҳодиса маркази Қирғизистон ҳудудида бўлганлиги маълум бўлди.
Декабрда икки зилзила қайд этилди.
1 декабр маҳаллий вақт билан соат 11:13да Қирғизистон ҳудудида зилзила бўлиб ўтди. Зилзила ўчоги шимолий кенгликнинг 41,30 градуси, шарқий узунликнинг 73,30 градусида бўлиб, магнитудаси 5,0 Msга тенг бўлди. Тошкентда зилзила 2 балллик бўлди.
7 декабр маҳаллий вақт билан соат 12:50да Тожикистон ҳудудида зилзила қайд этилди. Зилзила ўчоги шимолий кенгликнинг 38,39 градуси, шарқий узунликнинг 72,53 градусида бўлиб, магнитудаси 7,3 Msга тенг бўлди. Тошкентда зилзила 3 балллик бўлди.
Лекин энг кучли зилзила 26 октябрдагиси бўлди. У Тошкент вақти билан соат 14:09да қайд этилди. Зилзила маркази Афғонистонда, жанубий шарқий йўналишда бўлиб, марказда унинг кучи 7,5 баллга тенг бўлди. Одатга қарши ушбу зилзила анча узоқ муддат – тахминан ўртача 4-5 дақиқа давом этди. Бунинг устига ер ости силкинишлари горизонтал характерга эга бўлди.