“Нукус” аэропортида янги йўловчи терминали фойдаланишга топширилди
Тошкент. 12 июл. ЎзТАГ – “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси (МАК) “Нукус” аэропортида янги йўловчи терминали фойдаланишга топширди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) МАК матбуот хизматига таянган ҳолда.
“Соатига 400 нафар йўловчига хизмат кўрсатиш имконига эга янги йўловчи терминали йўловчилар ва уларнинг юкларига халқаро стандартларга мувофиқ хизмат кўрсатиш имконини берадиган энг замонавий техника билан жиҳозланган. Бинода авиация хавфсизлигини юқори даражада таъминлаш учун замонавий муҳандислик ва технологик жиҳозлар ўрнатилган”, - дейилади хабарда.
Шунингдек, парвозолди назорати ва юк олиш майдонлари кенгайтирилган ҳамда рўйхатдан ўтиш устунлар сони кўпайтирилган. Терминалда маҳаллий ва халқаро авиайўналишлар учун йўловчилар зали, она-бола хоналари, тиббиёт пункти, валюта айирбошлаш шоҳобчалари, сувенир дўконлари, кафе-бар ва бошқа қулайликлар йўловчилар хизматида.
Таъкидланишича, янги терминалнинг дизайнини ишлаб чиқишда ҳудуднинг иқлим шароити ҳам ҳисобга олинган.
Эслатиб ўтамизки, “Нукус” халқаро аэропорти ҳар қандай русумдаги самолёт ва вертолётларни қабул қилиш имконига эга. Учиш-қўниш йўлагининг узунлиги 3 минг метр, кенглиги эса 45 метрдан иборат.
Сурат манбаи: http://china-uz-friendship.com/?p=15682