Нукусда доривор ўсимликларни тадқиқ этиш ва қайта ишлаш заводи қурилади

Дата: 16:25, 11-12-2019.

Тошкент. 11 декабрь. ЎзТАГ – Нукусда доривор ўсимликларни тадқиқ этиш ва қайта ишлаш заводи қурилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"10 декабрь куни хорижий инвестицияларни жалб қилиш агентлигида Хитой "Yilin Bagu Group" компаниясининг бош директори Екатерина Ху билан учрашув ташкил этилди", - дейилади хорижий инвестицияларни жалб қилиш агентлиги матбуот хизмати хабарида.

Таъкидланганидек, Хитой компанияси билан музокаралар мақсади тиббиёт ва фармацевтика соҳаларида Ўзбекистон томонидан таклиф этилаётган инвестиция имкониятлари муҳокама қилинди.

"Ҳозирги вақтда Нукус шаҳри (Қорақалпоғистон Республикаси) ҳудудида лойиҳани амалга ошириш имконияти муҳокама қилинмоқда. Доривор ўсимликларни (асосан, ферула) тадқиқ этиш ва қайта ишлаш заводини қуриш ва фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича лойиҳа кўриб чиқилмоқда", – деб қайд этилади хабарда..

Хитой томони эркин иқтисодий зоналар (ЭИЗ) ҳудудида ҳам, ЭИЗ ҳудудларидан ташқарида ҳам хорижий инвесторлар учун берилган имтиёзлар ҳақида маълумот сўради. Шунингдек, инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун лойиҳалаштирилаётган заводнинг қурилиши ва ускуналари билан боғлиқ Ўзбекистонга олиб кирилаётган товарларга қўшилган қиймат солиғини (ҚҚС) тўлашдан озод қилиш масаласи муҳокама қилинди.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда хитой-ўзбек анъанавий тиббиёт марказини очиш режалаштирилган. Лойиҳани амалга ошириш учун қарийб $5 млн маблағ сарфланди, хусусан, марказни энг замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Сурат манбаи: invest.gov.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: