Нью-Йоркдан Тошкентга парвоз аъло даражада ўтди

Дата: 18:04, 28-07-2017.

Тошкент. 28 июл. ЎзТАГ – Бортида 243 йўловчи бўлган Boeing 787 Dreamliner самолёти Нью-Йоркдан Тошкентга узлуксиз трансатлантик парвозни амалга ошириб, Ислом Каримов номидаги “Тошкент” халқаро аэропортига келиб қўнди, деб хабар қилади жума куни Sputnik Узбекистан.

“Парвоз аъло даражада ўтди, албатта, одатдагидан бир оз вақт кўп сарфладик, аммо биз олдиндан тайёргарлик кўрдик ва барчаси муваффақиятли ўтди. Йўловчилар рози бўлишди, рейсларни бундан кейин ҳам давом эттирамиз”, - дея ўртоқлашди ўз таассуротларини журналистлар билан Boeing 787 учиш отряди учувчи-инструктори Алексей Маркин.

У осмонда бегона ўйлар бўлмаслиги, фақат парвоз ҳақида ўйлаш зарурлиги ҳақида ҳам қўшимча қилди.

Маркиннинг сўзларига кўра, бу барча қулайликларга эга самолёт бўлиб, дунёнинг барча мамлакатларида қўйиладиган талабларга жавоб беради. Барча йўловчилар қўниш юмшоқ бўлгани учун биздан миннатдорлар.

“Албатта ҳар бир рейсни бундай қарши олишмайди, бироқ биринчи рейс ўзгачалигича қолади. Парвозларни янада такомиллаштиришга ҳаракат қиламиз, токи барчаси тез ва қулай ўтсин”, - деб қўшимча қилди учувчи.

Олдин хабар берилгани каби, 27 июлда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК Boeing 787 Dreamliner самолётида илк марта Тошкентдан Нью-Йоркка қўнишсиз парвозни амалга оширди. Авиакомпания 243 нафар йўловчини ташиди. Парвоз 11 соату 48 дақиқа давом этди.

Компания маълумотига кўра, янги рейс бўйлаб парвозлар пайшанба кунлари, ортга қараб учишлар эса жума кунлари амалга оширилади.

Эслатиб ўтамизки, Ўзбекистон миллий авиакомпанияси Boeing 787-8 Dreamliner ҳаво кемаларидан тижорат мақсадларида фойдаланишни 2016 йил сентябрда бошлаган эди. Халқаро йўналишдаги илк парвоз 9 сентябрда Олмота шаҳрига амалга оширилди. Бугунги кунда ушбу самолётларда Дубай, Деҳли, Амритсар, Истанбул, Тель-Авив, Сеул, Франкфурт, Москва, Куала-Лумпур, Сингапур, шунингдек,  Рига орқали Нью-Йорк каби шаҳарларга парвозлар амалга оширилмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: