Оғир атлетика бўйича Ўзбекистон аёллар термаси олимпиа лицензиясидан маҳрум қилинди

Дата: 11:46, 29-06-2016.

Тошкент. 29 июн. ЎзТАГ – Оғир атлетика бўйича Ўзбекистон аёллар термаси ижобий допинг натижалари туфайли 2016 йилги Олимпиа ўйинлари лицензиясидан маҳрум қилинди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Оғир атлетика федерацияси (ОАФ) матбуот хизмати маълумотига асосланган ҳолда.

“(…) Фақат аёллар жамаоси ягона Олимпиа йўлланмасидан маҳрум бўлди”, - деб иқтибос келтиради матбуот хизмати ОАФ вице-президенти Шахрилло Махмудовдан.

Айни пайтда у оғир атлетика бўйича Ўзбекистон эркаклар термаси бўлажак олимпиадада тўлиқ таркибда қатнашишини таъкидлаб ўтди.

“Эркаклар термаси, олдингидай 5 та йўлланмага эга. Олимпиада жамоасидан ўрин олган ҳар бир спортчи Рио-де-Жанейрода юқори натижалар кўрсатишга қодир!”, - деди Махмудов.

Шунингдек, у “федерация ўзидан масъулиятни соқит қилмаётгани ва допингга қарши қаттиқ кураш олиб боришга ваъда беришини” таъкидлади.

“Тан оламан, ўтган 8 йил давомида бизнинг ўсмирлар ва ёшлар терма таркибидаги спортчиларда ҳам эҳтиётсизлик оқибатида ман этилган тиклантирувчи воситалардан фойдаланилган ҳолатлар рўй берди. Бунинг учун федерация ўз зиммасидаги масъулиятни ҳис қилади ва бундан буён допингга қарши муросасиз курашишга ваъда беради”, - деб қўшимча қилди ОАФ вице-президенти.

 Эслатиб ўтамизки, яқинда Халқаро Оғир атлетика федерацияси (IWF) Ижроия қўмитасининг Тбилисида ўтказилган йиғилишида допинг муаммоси кўтарилиб, Пекин ва Лондондаги Олимпиада ўйинларида қатнашган спортчилардан олинган допинг намуналарини қайта текширувдан ўтказишда бир қатор мамлакатлар: Россия, Беларусь, Қозоғистон, Озарбайжон, КХДР, Молдова, Руминия ва бошқа давлатлар спортчиларида ижобий натижалар аниқлангани маълум қилинган эди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: