“Оққуйруқ ҳимоясига” марафони бўлиб ўтди

Дата: 10:06, 04-05-2017.

Нукус. 4 май. ЎзТАГ – 1 майда Нукусда Халқаро оққуйруқ куни доирасида “Оққуйруқ ҳимоясига” спорт-экологик марафони бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Тадбир Ўзбекистон Экологик ҳаракатининг Қорақалпоғистон бўлими, ЎзР ФА табиий фанлар комплекс илмий-тадқиқот институтининг Қорақалпоғистон бўлими ва ЎзР ФА Ўсимлик ва ҳайвонот дунёси генофонди институти томонидан ташкил этилди.

Ўзбекистон Экологик ҳаракати маълумотига кўра, марафонда болалар ва ёшлар, фан ва маданият арбоблари қатнашдилар.

Тадбир иштирокчилари рамзий равишда 3 километр масофани босиб ўтдилар. Бу айнан оққуйруқнинг Устюртда яшовчи турларининг мавсумий миграцисига мос келади.

Тадбир оққуйруқ каби ноёб ҳайвон турини асраш ва авайлаш мақсадларида уюштирилди.

Чунки бугунги кунда таъқиқларга қарамасдан баъзи маҳаллий аҳоли вакиллари оққуйруқнинг шохи, гўштини ноқонуний йиғиш билан, бошқа бир қисми эса уларни сотиб олиш билан шуғулланмоқда.

Оққуйруқ эса сони камайиб кетиши бўйича машъум рекордчи ҳисобланади. 10 йил ичида уларнинг сони 95% озайиб кетди. Бу ҳолни тўғирлаш учун тезкор чоралар зарур.

Эслатиб ўтамизки, 2016 йил 22 июлда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан “Комплекс (ландшафтли) қўриқхоналар яратиш ва ташкил этиш билан боғлиқ масалаларни тартибга солиш тўғрисида”ги қарорни қабул қилган эди.

Хужжатда Ўзбекистоннда энг йирик бўлган “Оққуйруқли” ландшафтли қўриқхонасини ташкил этиш кўзда тутилган. Қўриқхона Устюртда жойлашади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: