“O`zAuto-Austem” МЧЖда локализация даражасини ошириш ҳисобига автомобиллар нархини тушириш ва уларнинг рақобатбардошлигини оширишга ҳаракат қилишмоқда

Дата: 22:09, 30-03-2015.

Тошкент. 30 март. ЎзТАГ – “O`zAuto-Austem” ўзбек-корейс ҚКда локализация даражасини ошириш ҳисобига автомобиллар нархини тушириш ва уларнинг рақобатбардошлигини оширишга ҳаракат қилишмоқда, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ўзавтосаноат” АК сайтидаги хабарида айтилишича, “ишлаб чиқаришни локализация қилиш ҳозирда ўта муҳим вазифалардан биридир”. “Ҳозирда ғилдирак дисклари бўйича локализация даражаси 51,8%, шасси узеллари бўйича 47,4% ташкил қилади. Локализация даражасининг оширилиши импорт қилинаётган деталлар улушини қисқартириши зарур. Бу, ўз навбатида, автомобиллар қийматини пасайтириб, уларнинг рақабатбардошлигини оширади. Бутловчи қисмлар локализацияси сотувдан кейинги хизмат сифатини яхшилашга, хизмат кўрсатиш шаҳобчаларини маҳаллий эҳтиёт қисмлар билан таъминлашга ҳам ёрдам беради”, - дейилади хабарда.

МЧЖ шаклидаги “O`zAuto-Austem” ўзбек-корейс ҚК Андижон шаҳрида жойлашган бўлиб, 2011 йилдан бери фаолият юритиб келади. Корхона таъсисчилари “AUSTEM Co.Ltd” (Корея) компанияси ва “Ўзавтосаноат” АК (Ўзбекистон). Корхона расмий фаолиятини 2012 йил 20 сентябрда бошлаган.

Корхона асосан GM Uzbekistan томонидан ишлаб чиқариладиган Lacetti, Cobalt ва Spark автомобиллари учун шасси қисмлари ва ғилдирак дисклари ишлаб чиқаради. Корхона импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш мақсадида ташкил этилган.

Корхонанинг йиллик қуввати автомобиллар учун 1 млн дона ғилдирак дисклари ва 123 минг дона шасси қисмлари ишлаб чиқаришга тенг.

Янгилик билан ўртоқлашиш: