ОФК президенти футзал бўйича Ўзбекистон термасини қутлади

Дата: 17:21, 26-02-2016.

Тошкент. 26 феврал. ЎзТАГ – Осиё футбол конфедерацияси президенти Шайх Салмон ибн Иброҳим Оли Халифа Ўзбекистон Футбол Федерацияси президенти Мираброр Усмонов номига футзал бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритгани муносабати билан табрикнома йўллади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ўзбекистон Футбол федерациясини футзал бўйича Ўзбекистон терма жамоасининг Колумбияда бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритгани билан самимий муборакбод этишдан бахтиёрман. Мусобақа давомида кўрсатган ажойиб ўйинлари учун терма жамоангиз футболчилари ҳамда мураббийлар штабига ҳам табрикларимни етказиб қўясиз, деган умиддаман”, - дейилади ОФК раҳбари табригида.

“Ўзбекистон футзал бўйича Осиё чемпионатини муваффақиятли тарзда ўтказди. Шу муносабат билан мен маҳаллий ташкилотчиларга ва Ўзбекистон Футбол Федерациясига Жаҳон даражасидаги мусобақани ташкил қилишдаги жонбозликлари ва меҳнатлари учун ҳам миннатдорчилик билдираман”, - деб таъкидланади табрикда.

“Биз футзал бўйича Ўзбекистон термасига жаҳон чемпионатига муносиб тайёргарлик кўришларини тилаймиз. Аминманки, Ўзбекистон ҳамда Жаҳон чемпионатида қитъамиз шарафини ҳимоя қиладиган қолган тўрт жамоа Колумбияда бутун Осиё фахрланадиган ўйинлар намойиш қилади”, - дейилади табрикнома сўнгида.

 

Янгилик билан ўртоқлашиш: