ОФК вакиллари Ўзбекистон термаси билан учрашдилар

Дата: 11:19, 08-01-2015.

Тошкент. 8 январ. ЎзТАГ – 2015 йилги Осиё кубоги бошланишига икки кун қолганда Осиё футбол конфедерацияси (ОФК) вакиллари Ўзбекистон термаси мураббий ва ўйинчилари билан учрашдилар, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ)  Футбол федерацияси сайтига асосланган ҳолда.

Маълумотга кўра, учрашув доирасида ОФК инструктор-ҳаками қатарлик Хани Баллан футболчиларни ўйин қоидаларига киритилган кейинги ўзгаришларни билан таништирди ва видеороликлар орқали ҳакамлар қайси қоидабузарликлар учун сариқ ва қизил карточкалар билан жазолашини тушунтирди.

Х.Балланнинг сўзларига кўра, Осиё кубоги ҳакамлари ўйинларни юқори савияда ўтказадилар. Чунки улар финал босқичи ҳакамлигига ўтиш учун кўплаб турфа синовлардан ўтказилдилар.

Шунингдек, у ҳакамлар рақиб ўйинчиларининг жиддий жароҳатларига олиб келувчи қўпол хатоларни айниқса қаттиқ жазолашларини ҳам маълум қилди. Шунингдек, ҳакамлар симуляция ҳолатларига ҳам диққат қаратадилар. Балланнинг фикрига кўра, симуляция – ўйинда сариқ карточка олишнинг энг осон ва тез усули.

ОФК инструктор-ҳаками билан учрашув тугалланганидан кейин Ўзбекистон термасининг мураббийлар штаби турнирнинг ташкилий масалалари билан танишди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: