OGU 2016да нефтегаз тармоғининг ривожи муҳокама қилинди

Дата: 17:14, 20-05-2016.

Тошкент. 20 май. ЎзТАГ – Куни кеча Тошкентда XX “Ўзбекистон нефть ва гази – OGU 2016” Халқаро конференцияси бошланди. Икки кун давомида форумда 6 йиғилиш бўлиб ўтади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Конференция ялпи йиғилиши доирасида “Ўзбекнефтегаз” МХК бошқаруви раиси, Бошқарувчилар кенгаши раиси ўринбосари Алишер Султонов иштирокчиларни Ўзбекистон нефтегаз тармоғи тамойил ва истиқболлари билан таништирди.

“Ўзбекистон Республикаси президенти томонидан тасдиқланган 2015-2019 йилларда нефтегаз тармоғини ривожлантириш дастурига мувофиқ белгиланган муддатда қиймати $16 млрддан бироз кам бўлган 51 инвестицион лойиҳани амалга ошириш режалаштирилмоқда. Бу углеводородлар қазиб олиш ҳажмини 20%га оширишга, газкимё ва нефтни қайта ишлаш маҳсулотлари ишлаб чиқаришни икки бараварга кўпайтириш, шунингдек, машинасозлик тармоғида ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтиришга имкон беради. 2016 йилда тармоқда 7 лойиҳани амалга оширишни тугаллаш режалаштирилган”, - деди у.

 А.Султонов Устюрт ҳудудининг углеводородлар қазиб олиш бўйича юқори салоҳиятини тасдиқлаганини, Бухоро-Хива ва Сурхандарё ҳудудларида етарлича заҳиралар мавжудлигини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, Фарғона ва Сурхандарё пасттекисликларида нефть мавжудлигини баҳолаш ишлари фаоллашганини айтиб ўтди.

“Ўзбекнефтегаз” МХК бошқаруви раисининг сўзларига кўра, тармоқ ҳозирда ишлаётган асосий йўналиш – углеводород хом ашёсидан юқори қўшимча қийматга эга бўлган маҳсулотлар олишдир.

“Қайд этиш зарурки, бугунда йўловчи газларни утилизация қилиш, газ қувурларида газ сизишини қисқартириш, ишлатилган мойларни қайта ишлаш бўйича экологик лойиҳаларни амалга ошириш саҳасида улкан ишлар олиб борилмоқда. Куни кеча Ангрен ЭИҲда ишлатилган мойларни қайта ишловчи завод очилганига гувоҳсиз”, - деди у.

А.Султонов томонидан мустақиллик йилларида муваффақиятли амалга оширилган лойиҳалар санаб ўтилди. Булар Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи (қуввати йилига 2,5 млн тонна) қурилиши, Фарғона НҚШ заводи реконструкцияси,  Шўртан газкимё мажмуининг қурилиши ( қуввати йилига 125 минг тонна полиэтилен чиқаришга тенг) кабилардир.

“Икки кундан сўнг бизнинг янги лойиҳамиз ва янги етакчи корхонамиз – Қорақалпоғистонда жойлашган Устюрт газкимё мажмуининг очилиш маросими ва халқаро тақдимоти бўлиб ўтади. Мазкур комплекс йилига 4,5 млрд кубометр табиий газни қайта ишлаб, 400 минг тонна полиэтилен ҳамда 100 минг тонна полипропилен ишлаб чиқаради. Бу маҳсулотларни бари экспортга чиқарилади”, - деди А.Султонов.

Эртага 20-марта ўтказилаётган OGU халқаро конференцияси ўз ишини давом эттиради.

Янгилик билан ўртоқлашиш: