ОИИБ ва ЕТТБ Душанбедан Ўзбекистонга борадиган қиймати $70 млнлик йўл қурилишини молиялаштирадилар

Дата: 14:49, 12-05-2016.

Тошкент. 12 май. ЎзТАГ – Осиё инфраструктура инвестициялари банки (ОИИБ) ва Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Душанбедан Ўзбекистон чегарасигача борадиган йўл қурилишини биргаликда молиялаштириш ҳақида келишиб олдилар, деб хабар беради пайшанба куни Тожик телеграф агентлиги (ТожикТА).

“Осиё инфраструктура инвестициялари банки (ОИИБ) ва Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Душанбедан Ўзбекистон чегарасигача борадиган йўл қурилишини биргаликда молиялаштириш ҳақида келишиб олдилар. Ушбу йўл Марказий Осиёдаги Шарқ-Ғарб юқори тезликдаги автомагистралнинг бир қисми бўлади. Лойиҳанинг умумий қиймати $70 млн. ЕТТБ директорлар кенгаши лойиҳани $35 млнга молиялаштириш ҳақидаги қарорни маъқуллади”, - дейилади ЕТТБ хабарида.

ОИИБ директорлар кенгаши ҳам лойиҳани молиялаштиришни жорий йил июлида маъқуллаши кутилмоқда.

Хужжат чоршанба куни Лондонда ЕТТБ 25- йиллик йиғилиши доирасида ОИИБ президенти Цзинь Лицюнь ва ЕТТБ президенти Сума Чакрабарти томонидан имзоланди.

Икки банк Марказий Осиёдаги бошқа лойиҳаларни ҳам молиялаштириш масаласини кўриб чиқаётганлари ҳам хабар қилинмоқда.

Бир ой олдин Тожикистон молия вазирлиги ОИИБ билан ушбу лойиҳага қўшимча молия маблағи жалб қилишга доир музокаралар олиб бораётгани хабар қилинган эди. Ушбу мамлакат транспорт вазирлиги маълумотларига кўра, лойиҳа Абу Али ибн Сино ёдгорлигидан Душанбенинг ғарбий дарвозасигача бўлган йўлни реконструкция қилишни кўзда тутади. Бу ерда 4,6 км автомобил йўлини реконструкция қилиш режалатирилган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: