ОИТСга чалинганлар Ўзбекистонда ишга жойлашиш учун кўпроқ имкониятларга эга бўлдилар
Тошкент. 15 май. ЎзТАГ – ОИТСга чалинганлар Ўзбекистонда ишга жойлашиш учун кўпроқ имкониятларга эга бўлдилар, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги буйруғига асосланган ҳолда. Мазкур буйруқ Norma.uz сайтида эълон қилинган.
Хужжатга мувофиқ, “Одамнинг иммунитет танқислиги вирусини юқтириб олган шахслар ишлаши ман этилган касбий фаолият турлари рўйхати”дан диагностика ва даволаш профилактика муолажалари, тиббий ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ ишлар, аҳолига хизмат кўрсатиш, вакцина ва фармацевтик маҳсулотлар ишлаб чиқариш, массаж муолажалари, спортнинг контактли турлари чиқариб ташланди. Бундан келиб чиқадики, ОИТСга чалинган шахслар ушбу фаолият турлари билан шуғулланишлари мумкин.
Шу билан бирга, янгиланган рўйхатда ОИТСга чалинганлар ишлаши мумкин бўлмаган 9 касб тури қолди. Булар кон ва унинг таркибий қисмларини тайёрлаш ва уларга қайта ишлов бериш билан боғлиқ касблар, кон ва унинг таркибий қисмлари, сперма ва кўкрак сутини қабул қилиш билан боғлиқ касблар, гемотрансфузия билан боғлиқ касблар, қуйидаги тиббий муолажалар билан боғлиқ касблар (инъекциялар, диализ, венесекция ва катетеризация), косметик ва пластик операциялар билан боғлиқ касблар, стоматологик муолажалар билан боғлиқ касблар, туғруқ билан боғлиқ касблар, аборт ва бошқа гинекологик операциялар билан боғлиқ касблар ва ниҳоят соч ва соқол олиш, пирсинг, маникюр, педикюр ҳамда татуаж билан боғлиқ касблардир, дейилади хужжатда.