Ҳокимлар ҳеч қаерда ишламайдиган ёшлар билан шахсан учрашиб, худди ўзининг фарзанди билан гаплашгандай муомала қилиши керак – Мирзиёев

Дата: 13:18, 05-07-2018.

Тошкент. 5 июл. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти лавозимдаги шахсларга уларнинг ишга жойлашмаган ёшларнинг ҳар бири аҳволи учун шахсий жавобгарлигини кўрсатиб ўтди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Давлат раҳбари матбуот хизматининг хабар қилишича, бу ҳақида 4 июлда, ёшлар билан ишлашга бағишланган видеоселектор мажлисида сўз борди.

“Ҳокимлар ва сектор раҳбарлари уюшмаган, ҳеч қаерда ишламайдиган ёшлар билан шахсан учрашиб, худди ўзининг фарзанди билан гаплашгандай муомала қилиб, муаммоларини ўрганиб, уларга елкадош бўлиши ва энг аввало иш билан таъминлаш чораларини кўриши лозим”, - деб таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Президент Ёшлар иттифоқининг 4 секторлари раҳбарларини назарда тутди, уларнинг иши, хусусан, тадбирларида дабдабабозлик, юзакилик кўзга ташланаётгани, ёшлар билан манзилли ишлашга, уларнинг муаммоларини ҳал этишга етарли эътибор берилмаётгани танқид қилинди. 

Шунингдек, Ш. Мирзиёев томонидан Ички ишлар идоралари, маҳалла қўмиталари, бошқа жамоатчилик ташкилотлари ва таълим муассасаларининг, шунингдек, туман (шаҳар) ҳокимларининг ёшлар сиёсати ишлари бўйича ўринбосарларининг бу борадаги ишлари кўнгилдагидек эмаслиги қайд этиб ўтилди.

“Бунинг оқибатида ёшларнинг ижтимоий муҳим масалалари эътиборсиз қолмоқда. Қаровсиз ва назоратсиз қолиган ёшлар томонидан турли жиноятлар содир этилмоқда”, деди президент.

Шу боис Ёшлар иттифоқи, тегишли вазирлик ва идораларга ёшлар билан ишлашни такомиллаштириш, уларнинг қаровсиз ва назоратсиз қолишининг олдини олиш, улар ўртасида жиноятларни кескин камайтириш бўйича топшириқлар берилди. 

Йиғилишда ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган мутахассислик ва бизнес кўникмаларига ўқитиш бўйича Тошкент вилоятининг Қуйичирчиқ ва Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида янги тизим синовдан ўтказилгани қайд этилди. 

Натижада 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар тўғрисидаги маълумотларни ўзида акс эттирган туман паспорти ишлаб чиқилган. Маҳаллаларда “Ёшлар меҳнат гузарлари” ташкил этиш учун бино ва ер майдонлари ажратилиб, ташаббускор тадбиркорлар жалб қилинган. Тадбиркорлик, балиқчилик, боғдорчилик, савдо-сотиқ қилиш истагидаги йигит-қизларга зарур маблағ ва ресурслар берилган. Ёшларни қийнаб келаётган 1,5 мингдан зиёд муаммолар аниқланиб, 1 мингдан ортиғи жойида ҳал этилган, қолган 500 тасини ҳам ҳал этиш чоралари кўрилган.

Ушбу тажриба натижаларидан келиб чиқиб, ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғоялари ва лойиҳаларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш ва қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини оширишга қаратилган “Ёшлар – келажагимиз” Давлат дастури қабул қилинди. 

Бу дастур 1 июлдан бошлаб, барча туман ва шаҳарларда амалга оширила бошланди. Ёшлар иттифоқи ҳузурида “Ёшлар – келажагимиз” жамғармаси ва унинг туман (шаҳар) филиаллари ташкил этилди. Жамғармага бу йил жами 770 миллиард сўм ажратилади. Жамғарма маблағларидан ёшларнинг бизнес лойиҳалари учун йиллик 7 фоиз ставка билан имтиёзли кредитлар берилади.

Дастурда ҳар бир туманда ажратиладиган кредит ҳажми ва уни олувчилар сони, кредит бериладиган фаолият йўналишлари, бунинг натижасида яратилиши зарур бўлган иш ўринларининг миқдори аниқ белгиланган. 

Шунингдек, Дастурга кўра жойларда фермерларга 1 нафардан банд бўлмаган ёшни бириктириб, унга бир гектар ер ажратиш орқали иш билан таъминлаш бўйича янги механизм жорий этиш кўзда тутилган. 

Йиғилишда ёшларни маънавий баркамол этиб тарбиялаш, уларни турли зарарли оқимлар ва ёт ғоялар таъсиридан асраш масаласига ҳам эътибор қаратилди. 

“Фарзандларимиз тарбияси, юриш-туришидан ҳар куни огоҳ бўлмасак, илму-ҳунарга ўргатмасак, уларнинг қўли меҳнатда қотмаса, муносиб иш топиб бермасак, ёшларни зарарли таъсирлардан ҳимоя қилиш қийин бўлади”, - деди Шавкат Мирзиёев.

Шу боис ёшларда мафкуравий иммунитетни мустаҳкамлаш, бўш вақтини мазмунли ўтказишни ташкил этиш бўйича топшириқлар берилди. Шунингдек, вояга етмаган қизлар ўртасида эрта турмуш ва ажралишларнинг олдини олиш юзасидан вазифалар қўйилди.

Сурат манбаи: http://theopenasia.net/articles/detail/polovina-molodezhi-v-uzbekistane-ne-polzuetsya-internetom/

Янгилик билан ўртоқлашиш: