Оксана Чусовитина Халқаро гимнастика шон-шараф залига киритилди
Тошкент. 22 май. ЎзТАГ – Ўзбекистонлик гимнастикачи, 1992 йилги Олимпиа чемпиони Оксана Чусовитина Халқаро гимнастика шон-шараф залига киритилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Шараф залига киритиш маросими ўтган шанба куни Оклахома-Сити шаҳрида (АҚШ) бўлиб ўтди. Шунингдек, залга япониялик Сун Фудзимото, россиялик Алексей Немов ва америкалик Алисия Сакрамонелар ҳам киритилди”, - деб таъкидлашди Халқаро гимнастика шон-шараф зали матбуот хизматида.
Қизиғи, 41 ёшли Чусовитина фаолиятини якунламасдан туриб Шараф залига киритилган тарихдаги илк гимнастикачи аёл бўлди. У Рио-де-Жанейродаги Олимпиа ўйинларида етти Олимпиа ўйинларида қатнашган илк спортчи бўлган эди.
Эслатиб ўтамизки, Оксана Чусовитина 1992 йилги Барселона олимпиадасининг жамоа ҳисобида олтин медали, Пекин Олимпиадасининг кумуш медали соҳибаси. У уч карра жаҳон чемпиони, жаҳон биринчиликларида тўрт кумуш ва тўрт бронза совринларни қўлга киритган.