Октябр бошида футбол бўйича Ўзбекистон олимпиа термасининг бош тренери йиғимларга борадиган таркибни эълон қилди

Дата: 18:06, 23-09-2015.

Тошкент. 23 сентябр. ЎзТАГ – 2 октябрда футбол бўйича Ўзбекистон олимпиа термасининг бош тренери Виктор Жалилов терма жамоанинг ўқув машқ йиғимларига борадиган таркибини эълон қилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионатига тайёргарлик кўраётган олимпиячиларнинг навбатдаги йиғини 9-13 октябр кунлари Тошкентда бўлиб ўтади”, дейилади Ўзбекистон Футбол федерацияси (ЎФФ) сайтидаги маълумотда.

Олимпия терма жамоаси Осиё чемпионатига тайёргарликнинг асосий қисмини БААнинг Дубай шаҳрида ўтказади. Тайёргарлик икки босқичли бўлиб, биринчиси 2-14 декабр кунларига тўғри келса, иккинчиси 17-28 декабр кунлари бўлиб ўтади. 9 январда бошланадиган Осиё чемпионатига бориш олдидан жамоа 2 январда Дубайга жўнаб кетиб у ерда яна бир ҳафта мобайнида ташкил қилинадиган йиғинда мусобақага тайёргарлик кўради.

“Ўзбекистон Футбол Федерацияси мураббийлар штабининг талаблари асосида олимпия терма жамоасининг Қатардаги Осиё чемпионатига тайёргарлик жараёни учун барча шарт-шароитларни муҳайё қилиб берди. Тайёргарликнинг режа асосида боришини бош мураббий Виктор Жалилов назорат қилиб боради ва федерация раҳбариятига ҳисобот беради”, деб хулоса қилади ЎФФ амтбуот хизмати.

Янгилик билан ўртоқлашиш: