Олий Мажлис депутатлари 874 млрд сўмни ҳудудларнинг ижтимоий инфраструктурасини ривожлантиришга йўналтиришни таклиф қилдилар

Дата: 13:49, 01-06-2018.

Тошкент. 1 июн. ЎзТАГ – Олий Мажлис депутатлари 874 млрд сўмни ҳудудларнинг ижтимоий инфраструктурасини ривожлантиришга йўналтиришни таклиф қилдилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Улар ушбу таклифни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 31 май кунги навбатдаги мажлисида киритдилар. Унда депутатлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдим этилган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2017 йилги ҳамда 2018 йилнинг биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни кўриб чиқдилар.  

“Тақдим этилган ҳисобот (Вазирлар Маҳкамаси томонидан) парламент аъзолари томонидан тўлиқ қуллаб-қувватланди, депутатлар ва сенаторлар томонидан жойлардаги ҳақиқий ҳолатни ўрганиш ҳамда назорат-таҳлил фаолиятини амалга ошириш жараёнларида Давлат бюджети маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш, худудларда ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш борасида ҳали ечимини кутаётган масалалар борлигига эътибор қаратилди. Юқоридагилардан келиб чиқиб, депутатлар жорий йилнинг биринчи чорагида маҳаллий бюджетлар даромадига 874,0 млрд сўм қўшимча тушган маблағларни айнан шу масалаларни ҳал этишга йўналтириш мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги таклифни илгари сурдилар”, - дейилади парламент Ахборот хизматининг хабарида.

Мажлис якунларига кўра Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2017 йилдаги ҳамда 2018 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни тасдиқлаш ҳақида қарор қабул қилди.

Сурат манбаи: http://press-unity.com/analitika-stati/10686.html

Янгилик билан ўртоқлашиш: