Олий суд фуқаролар унинг биносини забт қилгани ҳақидаги маълумотга раддия берди

Дата: 10:26, 21-08-2017.

Тошкент. 21 август. ЎзТАГ – Ўзбекистон Олий суди қатор хориж ОАВ томонидан тарқатилиб, ғазабланган фуқаролар унинг биносини забт қилгани ҳақидаги маълумотларга раддия берди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Қатор нашрларнинг муаллифлари ҳақиқий вазиятни нотўғри талқин қилиб, ўқувчиларини “ғазабланган фуқароларнинг кучли бақир-чақирлари”, “қаттиқ ёпилган дарвозаларни қўпоришгани”, “қулфни бузишгани”, “300-400 киши” ва ҳ.к. ҳақида маълумотлантирганлар. Афсуски, Интернет тармоғига берилган айрим хабарларни текширмасдан, ушбу веб-сайтлар хулоса қилишга шошилишган ва шу билан амалда воқеликни бўрттириб кўрсатишган”, - дейилади суд хабарида. 

Олий суд маълумотига кўра, 2017 йил 15 август соат 9.30дан 21.00гача Олий суд раиси К.Комилов фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий ишлар бўйича 100 дан ортиқ фуқаро қабул қилган. Бундан ташқари, шу куни 27 нафар фуқаронинг ариза ва мурожаатлари қабул қилинган, шунингдек, турли саволлар билан оғзаки мурожаат қилган 72 киши қабул қилинган.

“Олий суд дарвозаси ёнида кутиб турган бир неча фуқаро қабул чоғида постда турган милиция ходими ва суд хизматчилари диққатини чалғитиб, ўзлари дарвоза зулфагини очиб, қабулга навбатсиз кириш мақсадида суд биносига киришган. Улар бино фойесига киргач, қабул тартибидан хабардор қилинган, фуқароларнинг бир қисми розиликлари билан Олий суд раиси ўринбосари ва судьялари томонидан қабул қилинди. Қолган кишиларни бевосита Олий суд раиси қабул қилди”, - деб таъкидлашди матбуот хизматида.

Янгилик билан ўртоқлашиш: