Олмалиқ ТМК мисни бойитиш фабрикаси реконструкциясини якунламоқда

Дата: 22:13, 07-01-2016.

Тошкент. 7 январ. ЎзТАГ – Олмалиқ тоғ-металлургия комбинати (ОТМК) мисни бойитиш фабрикасининг майдалаш ва янчиш бўлими реконструкциясини якунламоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) корхона бош директори Александр Фармановнинг баёнотига асосланган ҳолда.

“Ушбу лойиҳани амалга ошириш йилига қўшимча яна 7 млн тонна мисни қайта ишлашга имкон беради. Бундан ташқари, жорий йилда комбинат янги печни ишга туширади, мисни эритиш заводида конвертерлар реконструкциясини давом эттиради. Бир печ таъмири якунланган, иккинчиси давом этмоқда”, - деб таъкидлади Фарманов.

Комбинатда структуравий ўзгартиришларни таъминлаш, ишлаб чиқаришни модернизациялаш ва диверсификациялаш бўйича 2015-2019 йилга мўлжалланган чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилган ва амалга оширилмоқда. У янги қурилишларни амалга ошириш, мавжуд ишлаб чиқаришларни модернизациялаш ва реконструкциялаш бўйича инвестицион лойиҳаларни амал ошириш кўзда тутади.

Фармановнинг сўзларига кўра, комбинат фаолиятига жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози кучли таъсир қилган.

“Жаҳон бозорида умуман ва жумладан, бизнинг маҳсулотга нархларнинг пасайиши сабабли биз ўтган йил якунларига кўра кўзлаганимиздек фойда ололмадик. Бироқ биз шунга қарамасдан фойда билан чиқдик. Бунинг учун маҳсулот таннархи масаласида кўп ишлашга тўғри келди. Мен комбинат бунинг уддасидан чиқди, деб ҳисоблайман. Афсуски, инқироз чўзилиб кетди ва у яқин орада тугашига умид йўқ. Бироқ биз бунга тайёрмиз ва таннархни камайтириш, ишлаб чиқариш ҳажмлари ва ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар турини янада кўпайтириш йўналишида ишлашни давом эттирмоқдамиз”, - деб таъкидлади у.

Янгилик билан ўртоқлашиш: