Олти ой давомида Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси $19 млрддан ошди

Дата: 17:47, 22-07-2019.

Тошкент. 22 июль. ЎзТАГ – Олти ой давомида Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси $19 млрддан ошди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"2019 йил январь-июнь якунларига кўра, Ўзбекистон дунёнинг 166 дан ортиқ мамлакати билан савдо алоқаларини йўлга қўйган. Хусусан, 2019 йилнинг январь-июнь ойларида республиканинг ташқи савдо айланмаси $19683,2 млнни ташкил этди ва ўтган йилнинг шу даврига нисбатан $4520,0 млнга ўсди. Бу кўрсаткичдан экспорт $8437,6 млнга (ўсиш суръати – 27,0%), импорт эса – $11245,6 млнга (ўсиш суръати – 32,0%)га етди. Ташқи савдо баланси минус $2808,0 млнни ташкил этди", - дейилади давлат статистика қўмитаси маълумотларида.

МДҲга аъзо давлатлар билан Ўзбекистон ташқи савдо айланмасида январь–июнь якунлари бўйича ўзаро савдо улуши 34,8% га ($6,84 млрд), ташқи савдо айланмасининг ўсиш суръатлари ўтган йилга нисбатан 18,1% ни ташкил этди.

Қўмита маълумотларига кўра, Хитой Ўзбекистоннинг асосий ҳамкори бўлиб қолмоқда, ташқи савдо айланмаси $3,8 млрдни ташкил этди, шундан кейин Россия ($2,9 млрд), Қозоғистон ($1,6 млрд), Корея ($1,3 млрд), Туркия ($1,1 млрд), Германия ($450 млн), Қирғизистон ($446 млн), АҚШ ($309 млн), Афғонистон ($226 млн), Туркманистон ($257 млн) ва бошқалар келади.

 

Сурат манбаи: c-r-l.com

Янгилик билан ўртоқлашиш: