Оммавий ахборот воситалари сўзда эмас, амалда “тўртинчи ҳокимият” даражасига кўтарилиши зарур – Мирзиёев

Дата: 14:51, 28-06-2018.

Тошкент. 28 июн. ЎзТАГ – Оммавий ахборот воситалари сўзда эмас, амалда “тўртинчи ҳокимият” даражасига кўтарилиши зарур, деди Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев “Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига” йўллаган мурожаатида, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Энг муҳими, соҳа ривожида ана шундай миқдор ўзгаришлари билан бирга сифат ўзгаришлари ҳам юз бермоқда. Бунинг тасдиғини миллий медиа майдонимизда фуқаролик жамиятининг муҳим шарти бўлган нодавлат оммавий ахборот воситалари тармоғи кенгайиб, самарали фаолият кўрсатаётгани, интернет журналистикаси жадал ривожланиб бораётгани мисолида яққол кўриш мумкин”, - деб ҳисоблайди давлат раҳбари.

Газеталаримиз, теле-радиоканалларимизда ошкоралик, таҳлил ва холис танқид руҳи кучайгани, бевосита хорижий мамлакатлардан тайёрланаётган материаллар сони ортиб бораётганини биз ҳар томонлама қўллаб-қувватлаймиз, деб давом этди Мирзиёев.

“Бугун биз дунёдаги узоқ-яқин давлатлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаб, юртимиздаги демократик ўзгаришларни янада чуқурлаштиришга интилар эканмиз, бошқа соҳалар қатори оммавий ахборот воситалари фаолияти бўйича ҳам ҳали кўп иш қилишимиз кераклигини яхши тушунамиз. Оммавий ахборот воситалари сўзда эмас, амалда “тўртинчи ҳокимият” даражасига кўтарилиши зарур. Бу – замон талаби, ислоҳотларимиз талаби”, - дейилади мактубда.  

Сурат манбаи: http://naesmi.uz/ru/site/page.html?id=17658

Янгилик билан ўртоқлашиш: