ONGS Videsh ҳинд компанияси “Ўзбекнефтегаз” АЖ билан инвестицион лойиҳалардаги иштирокини муҳокама қилди

Дата: 16:39, 19-09-2018.

Тошкент. 19 сентябр. ЎзТАГ – “Ўзбекнефтгаз” АЖда ширкат раҳбариятининг ONGS Videsh компанияси (Ҳиндистон) вакиллари билан учрашуви бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Аввалроқ, савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Ҳиндистон хукуматлараро комиссиясининг 11-йиғилиши доирасида жорий йилнинг 16-17 август кунлари Тошкентда “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамиятида Ҳиндистон компаниялари вакиллари билан сармоявий ҳамкорликни ўрнатиш бўйича учрашувлар бўлиб ўтган эди.

“Ўзбекнефтегаз” АЖ матбуот хизматидан маълум қилишларича, ушбу учрашув 15 сентябр куни бўлиб ўтди ва иккитомонлама ҳамкорликни ривожлантириш бўйича кейинги қадамларни муҳокама қилишга бағишланди.

Хорижий делегация таркибига бош вице-президент, ONGC Videsh раҳбари Пахи Ажит Кумар, бош менежер ва геология бўлими бошлиғи Жозеф Татачери Бобби ва геофизик Амит Кумар кирди.

Учрашувда “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Улуғбек Сайидов компания ушбу учрашувга Ҳиндистоннинг нефть ва газни қидириш ва ишлаб чиқариш бўйича йирик компанияси ҳисобланмиш ONGS Videsh компанияси билан бизнес алоқаларни ўрнатиш имконияти сифатида катта аҳамият бераётганини таъкидлади.

Ўз навбатида, Пахи Ажит Кумар “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти раҳбариятига ушбу учрашувни ташкиллаштиргани учун миннатдорчилик билдириб, ўзбек томони билан самарали ҳамкорлик қилишга умид билдирди.

Ҳиндистон делегацияси аъзолари бугунги кунда Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида бизнесни ривожлантириш ва хорижий инвесторларни қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларга юқори баҳо бердилар.

Ҳиндистон томони Ўзбекистон Республикаси ҳудудида геологик-қидирув ишларига мўлжалланган инвестиция лойиҳаларида иштирок этишдан манфаатдорлигини билдирди. Пахи Ажит Кумар жаноблари Ҳиндистон томонининг “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти томонидан амалга оширилаётган инвестицион лойиҳаларни ўрганишга тайёрлигини таъкидлади.

Сурат манбаи: https://www.ongcindia.com

Янгилик билан ўртоқлашиш: