Қорақалпоғистон аҳолиси ноёб астрономик ҳодисани кўришлари мумкин

Дата: 14:35, 11-11-2019.

Тошкент. 11 ноябрь. ЎзТАГ – Қорақалпоғистон аҳолиси ноёб астрономик ҳодисани кўришлари мумкин, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"11 ноябрь ноёб астрономик воқеа – Меркурийнинг Қуёш дискида ўтиши ҳодисаси кузатилади. (...) Бу воқеа ноёб астрономик ҳодисалардан бири бўлиб, юз йил ичида 13-14 марта такрорланади. Меркурий транзити охирги марта 2016 йилнинг май ойида кузатилган бўлса, навбатдагиси фақат 13 йилдан кейин – 2032 йилда бўлади", – дейилади Ўзбекистон астрономия институти матбуот хизмати хабарида.

Қайд этилганидек, транзит Тошкент вақти билан соат 17.36 да бошланади ва 23.04 гача давом этади, Меркурий сайёраси Қуёш ва Ер ўртасида бўлади.

"Ўзбекистонда транзитнинг бошланиши Қуёш ботишига тўғри келганлиги сабабли, Меркурийнинг Қуёш дискидан ўтиши фақат Қорақалпоғистон ҳудудида қисман кузатилиши мумкин", - дейилади хабарда.

Ҳодиса телескопда махсус фильтрлар ёрдамида кузатилиши мумкин, акс ҳолда кўзларга зарар етказиши мумкин. Агар сиз Қуёшга телескопда қарасангиз, кичик қора доира (Меркурий) аста-секин қуёш дискидан қандай ўтаётганини кўришингиз мумкин.

Сурат манбаи: astrin.uzsci.net

Янгилик билан ўртоқлашиш: