Қорақалпоғистонда 5 та қўриқхона ташкил этилади

Дата: 16:29, 26-03-2019.

Тошкент. 26 март. ЎзТАГ - Қорақалпоғистонда муҳофаза этиладиган бешта табиий ҳудуд яратилади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу ҳақда Президентимизнинг "Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" ги қарори муҳим омил бўлмоқда.

"2019-2022 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида 5 муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ташкил этилади: “Жанубий Устюрт” давлат қўриқхонаси “Белтов”, “Окпетки” ва “Оқдарё-Қозоқдарё икки дарё оралиғи” давлат буюртма қўриқхонаси, “Судочье” давлат буюртма қўриқхонаси негизида “Судочье кўллар тизими қўриқхонаси”, - дея хабар беради Адлия вазирлигининг Телеграм канали матбуот хизмати хабарида.

Қарорга мувофиқ, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тасарруфида бўлган Чотқол биосфераси, Зомин, Сурхон, Нурота ва Қизилқум давлат қўриқхоналари, Қуйи Амударё давлат биосфера резервати ҳамда Давлат қўриқхоналари, миллий боғлар ва овчилик хўжаликлари бошқармаси Давлат экология қўмитаси тизимига ўтказилди.

Бундан ташқари, Давлат экология қўмитаси марказий аппарати тузилмасида Биохилма-хиллик ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар бош бошқармаси ташкил этилади.

Қарор билан, 2019-2022 йилларда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тизимини ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди.

 

Сурат манбаи: uzbekistan.travel

Янгилик билан ўртоқлашиш: