Қорақалпоғистонда балиқчиликни ривожлантириш бўйича унитар корхона ташкил қилиш режалаштирилмоқда
Нукус. 11 март. ЎзТАГ – Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ туманида балиқчиликни ривожлантириш бўйича “Мўйноқ аква саноат” унитар корхонасини ташкил қилиш режалаштирилмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ушбу қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Қорақалпоғистон Республикасида балиқчилик саноатини ривожлантириш бўйича чоралар тўғрисида”ги қарори лойиҳасида акс этган.
Табиатни муҳофаза қилиш қўмитасидан маълум қилишларича, қарор лойиҳаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталида жойлаштирилган бўлиб, 17 мартгача муҳокамага қўйилган.
Хужжат Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманида балиқчиликни ривожлантириш, “Жалтирбас”, “Кемачи” ва “Балиқчи” табиий сув ҳавзалари самарадорлигини ошириш, янги иш жойлари яратиш ва аҳолини сифатли балиқчилик маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадларида ишлаб чиқилган.
“Мўйноқ аква саноат” ДУК Мўйноқ туман ҳокимияти қошида ташкил этилади.