Оренбург вилоятида Ўзбекистон билан биргаликда хаб қурилиши мумкин

Дата: 09:25, 28-09-2018.

Тошкент. 28 сентябр. ЎзТАГ – Оренбург вилоятида Ўзбекистон билан биргаликда логистика маркази – ўзбек мева ва сабзавот маҳсулотларини Россия бўйлаб сотиш учун улгуржи-тарқатиш маркази (УТМ) ташкил этилиши мумкин, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Оренбург вилояти губернатори Ю. Берг УТМни Акбулак туманида қуришни таклиф қилди. Бу ерда бунинг учун етарли инфраструктура (автотрасса ва боши берк бўғинли темир йўл станцияси, газ қувури ва юқори вольтли электр узатиш линияси) мавжуд.

Бундай таклифлар бошқалари қаторида 25-сентябр куни Оренбургда Ўзбекистон делегациясининг ушбу вилоят раҳбарияти билан учрашувида муҳокама қилинди.

Ўзбекистон делегацияси таркибига Ташқи савдо вазирлигининг “Узтрейд” ОАЖ, “ЎртаОсиё Транс” АК ва бошқа қуйи ташкилотлари раҳбарлари кирди.

ТСВдан хабар беришларича, Ю. Берг учрашувда Оренбург вилояти ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро савдо айланмасининг ўсганини қайд этди. Хусусан, 2017 йилда бу кўрсаткич $210,2 млнга етган, 2018 йилда эса ўтган йилги кўрсаткич биринчи ярим йилда бажарилиб, $191 млнни ташкил қилди. Бундай ўсишни ЁЭК экспорти, мева ва трикотаж матолар импорти таъминлади.

Губернатор жорий йилни Оренбург вилоятининг Ўзбекистондаги шериклари билан муносабатлардаги муваффақиятли йил деб атади. Сиёсий ва бизнес алоқалар йўлга қўйилмоқда, Тошкент, Самарқанд ва Наманган вилоятлари билан узоқ муддатли ҳамкорлик шартномалари ишлаб чиқилмоқда. Оренбург вилояти ҳудудида Ўзбекистоннинг юридик шахслари иштирокида 22та корхона рўйхатга олинган. Булар асосан озиқ-овқат, мева-сабзавот маҳсулотлари, ноозиқ-овқат истеъмол товарлари улгуржи савдоси бўйича қўшма корхоналардир.

Эслатиб ўтамиз, 18-19 октябр кунлари Тошкентда Ўзбекистон ва Россия раҳбарлари Ш. Мирзиёев ва В. Путинларнинг учрашуви бўлиб ўтади. Россия президентининг расмий ташрифи доирасида ҳудудлараро ҳамкорлик бўйича биринчи Россия-Ўзбекистон форуми бўлиб ўтади.

Сурат манбаи: из http://uza.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: