Осиё чемпионлар лигаси ўйинларида “Бунёдкор” ўз майдонида мағлубиятга учради, “Пахтакор” эса сафарда дуранг ўйнади
Тошкент. 4 март. ЎзТАГ – Куни-кеча пойтахтнинг “Бунёдкор” ва “Пахтакор” клублари Осиё чемпионлар лигасининг 2-тур ўйинларини ўтказдилар, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Ўзбекистон Футбол федерацияси (ЎФФ) сайтидаги маълумотга асосланган ҳолда.
“А” гуруҳидаги ўйинда “Бунёдкор” ўз майдонида эроннинг “Персеполис” клубини қабул қилди. Сергей Лушан шогирдлари ўйинда катта устунликка эга бўлишганига қарамасдан, меҳмонлар Тошкентдан 3 очко олиб кетдилар. “Персеполис” ҳисобидаги ягона голни пенальтидан жамоа сардори Муҳаммад Нурий 21-дақиқада киритди.
Гуруҳдаги параллел ўйинда Қатарнинг “Лехвия” ва саудиянинг “Ал-Наср” жамоалари учрашиб, ўйин 1:1 ҳисобида якунланди.
Энди “А” гуруҳида жамоалар қуйидагича ҳолатда: “Персеполис” (Эрон) – 6 очко, “Ал-Наср” (С.Арабистони) – 2, “Бунёдкор” (Ўзбекистон) – 1, “Лехвия” (Қатар) – 1 очко.
“Бунёдкор” иштирокидаги ўйин тугаганидан бир неча соат кейин “Пахтакор” ҳам ОЧЛ доирасидаги навбатдаги ўйинини ўтказди. Меҳмонда Саудия Арабистонининг “Ал-Шабоб” клубига қарши ўйнаган “Пахтакор” ҳисобда ортда борган ҳолда ўйин тақдирини ўзгартиргара олди ва 2-таймда мезбонлар дарвозасига 2 гол урди. Лекин бу ғалаба учун камлик қилди. Ўйиннинг 85-дақиқасида “Ал-Шабоб” ҳисобни тенглаштира олди. Дуранг ҳисоби ўйин тугагунга қадар ўзгармасдан қолди.
“Пахтакор”нинг гуруҳдаги рақиблари – эроннинг “Нафт” ва БААнинг “Ал-Айн” жамоалари ўйинида 1:1 ҳисоби қайд этилди.
2-турдан кейин “В” гуруҳидаги ҳолат қуйидагича: “Пахтакор” (Ўзбекистон) – 4 очко, “Ал-Шабоб” (С.Арабистони) – 2, “Ал-Айн” (БАА) – 2, “Нафт” (Эрон) – 1 очко.


