Осиё чемпионлар лигасининг иккинчи турида “Локомотив” дуранг ўйнади, “Насаф” сафарда мағлубиятга учради

Дата: 15:01, 05-03-2015.

Тошкент. 5 март. ЎзТАГ – Куни-кеча пойтахтнинг “Локомотив” ва Қаршининг ”Насаф” жамоалари Осиё чемпионлар лигасининг иккинчи тури ўйинларини ўтказдилар, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Ўзбекистон Футбол федерацияси сайтидаги маълумотга асосланган ҳолда.

Тошкентнинг “Локомотив” клуби ўз майдонида Эроннинг “Фулад” клубини қабул қилди ва ғалабали ҳисобни сақлаб қола олмади. Натижада рақиб Тошкентдан бир очко олиб кетди. Ўйиннинг 7-дақиқасида Олег Зотеев томонидан урилган голга рақиблар хужумчиси Муҳаммад Жамматий аниқ зарба билан жавоб берди. Иккинчи бўлимда Вадим Абрамов жамоаси ўйинда устунлик қилган бўлса ҳам, рақиб дарвозасини бошқа ишғол эта олмади ва ўйин 1:1 ҳисобида дуранг билан якунланди.

Ушбу гуруҳдаги параллел ўйинда эса Қатарнинг “Ал-Садд” клуби ўз майдонида “Ал-Ҳилол”ни қабул қилди ва 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди.

“С” гуруҳидаги турнир жадвали энди қуйидагича кўринишда: “Ал-Садд” (Қатар) – 4 очко, “Ал-Ҳилол” (С.Арабистони) – 3, “Фулад” (Эрон) – 2, “Локомотив” (Ўзбекистон) – 1 очкодан.

“Локомотив”дан фарқли равишда Қаршининг “Насаф” клуби сафарда ўйнади. Унда Рўзиқул Бердиев шогирдлари саудиянинг “Ал-Аҳли” клубига қарши майдонга тушди. Биринчи таймда ўтказиб юборилган голдан кейин ортда қолаётган “Насаф” иккинчи бўлимнинг 65-дақиқасида Артур Геворкян тепган жарима тўпидан сўнг ҳисобни тенглаштирди, аммо ўйин охиригача мезбонлар яна бир тўп киритишга эришдилар ва ғалаба қозондилар.

“D” гуруҳининг иккинчи учрашувида Эроннинг “Трактор Сози” клуби ўз майдонида БААнинг “Ал-Аҳли” клубини 1:0 ҳисобида мағлуб этди.

“С” гуруҳидаги турнир жадвали қуйидагича: “Ал-Аҳли” (С.Арабистони) – 4 очко, “Насаф” (Қарши) – 3, “Трактор Сози” (Эрон) – 3, “Ал-Аҳли” (БАА) – 1 очкодан.

Олдин ЎзТАГ 3 мартда “Бунёдкор” ўз майдонида мағлубятга учрагани, “Пахтакор” эса сафарда дурангга эришгани ҳақида хабар қилган эди. Ҳозирда “Бунёдкор” “А” гуруҳида 3-ўринда (1 очко), “Пахтакор” “В” гуруҳида 4 очко билан 1-ўринда бормоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: