Осиё чемпионлари лигасида кучсиз жамоалар йўқ - Самвел Бабаян

Дата: 17:34, 12-12-2014.

Тошкент. 12 декабр. ЎзТАГ – Осиё чемпионлари лигасида кучсиз жамоалар йўқ, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) “Пахтакор” ФК расмий сайтига асосланган ҳолда.

“Чемпионлар лигаси Осиё қитъасидаги энг нуфузли мусобақа ҳисобланади. Унда қитъанинг энг кучли жамоалари иштирок этади. Шу сабабли унда кучсиз рақиблар ва осон ўйинлар бўлмайди”, - деб таъкидлади “Пахтакор” менежери Самвел Бабаян Осиё чемпионлари лигаси малака раунди ва гуруҳ босқичига қуръа ташлаш маросимидан кейин.

“Биз 2010 йил “Ал-Шабоб” ва “Ал-Айн” билан бир гуруҳдан ўрин олгандик ва ўшанда нимчорак финалга йўлланма олган эдик. Охирги рақиб номини эса Эрон, Қатар ва Уммон жамоаларининг саралаш учрашувларидан кейин билиб оламиз. Бу сафар ҳам гуруҳда муваффақиятли иштирок этиб, кейинги босқичга йўлланма олишни истаймиз. Мавсумга тайёргарлик жараёнини 14 декабрдан бошлаймиз. Албатта, Чемпионлар лигасида юртимиз ва клуб шаънини муносиб ҳимоя қилиш учун тайёргарлик жараёнини шунга яраша олиб борамиз”, - деб қўшимча қилди С.Бабаян.

Илгари ЎзТАГ Ўзбекистон футбол клублари Осиё чемпионлари лигасидаги рақибларини билиб олгани ҳақида хабар қилган эди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: