Осиё футбол конфедерацияси Ўзбекистон термаси уй ўйинларининг графигини тасдиқлади

Дата: 16:15, 28-04-2015.

Тошкент. 28 апрел. ЎзТАГ – Осиё футбол конфедерацияси (ОФК) Ўзбекистон термасининг 2018 йилги Жаҳон чемпионатида саралаш босқичи доирасидаги уй ўйинлари ўтказиладиган жойлар ва ўйинларнинг бошланиш вақтларини тасдиқлади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ўзбекистон Футбол федерацияси тавсиясига кўра, ОФК “Бунёдкор” стадионини Ўзбекистон термасининг уй ўйинлари стадиони сифатида танлади. Ўзбекистон термаси 2018 йилги Жаҳон чемпионатида саралаш босқичи доирасидаги илк ўйинини жорий йилнинг 3 сентябрида Яман термасига қарши ўтказади. Ўйин 19.00да бошланади”, – деб таъкидлашди Футбол федерацияси матбуот хизматида.

Кейинчалик, жорий йилнинг 12 ноябрида Ўзбекистон Шимолий Кореяни, 2016 йилнинг 24 мартида Филиппинни ва 29 март куни Баҳрайнни қабул қилади. Барча ўйинлар 18.00да бошланади.

Эслатиб ўтамизки, 14 апрелда Малайзия пойтахти Куала-Лумпурда ЖЧ-2018 ва Осиё Кубоги-2019 бирлашган чемпионатлари саралаш раундига қуръа ташлаш маросими ўтказилди. Унга Ўзбекистон термаси Бахрайн, Филиппин, КХДР ва Яман билан бирга “Н” гуруҳига тушди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: