Осиё Кубоги 2015: 2004-2010 йилларда Ўзбекистон Саудия Арабистони билан 7 ўйин ўтказган бўлиб, 4 марта мағлубиятга учраган, 2 бор ғалаба қилган ва бир ўйинда дуранг ўйнаган

Дата: 14:00, 15-01-2015.

Тошкент. 15 январ. ЎзТАГ – 2004-2010 йилларда Ўзбекистон Саудия Арабистони билан 7 ўйин ўтказган бўлиб, 4 марта мағлубиятга учраган, 2 бор ғалаба қилган ва бир ўйинда дуранг ўйнаган, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Австралиядаги 2015 йилги Осиё Кубоги гуруҳ босқичи учинчи тури ўйинига уч кун қолганда.

Хусусан, 2004 йил 22 июлда Осиё кубоги гуруҳ босқичи иккинчи турида Ўзбекистон термаси Саудия Арабистони устидан минимал 1:0 ҳисобида ғалаба қилган. Кейинроқ, 2005 йилнинг 9 февралида жаҳон чемпионати саралаш турнири доирасида жамоалар Тошкентда дуранг ўйнаганлар. Ўшанда ўйиннинг 76-дақиқасида арабларнинг хужумчиси Сами ал Жабер гол урган, ва фақат 90-дақиқада ўзбекистонлик Анвар Солиев жавоб тўпи киритган эди. Ўша йилнинг 9 июнида жавоб ўйинида Саудия Арабистони термаси рақиби устидан йирик ҳисобда (3:0) ғалабага эришган эди. Ушбу ўйинда Сами ал Жабер икки, Саад Ал-Харти бир гол урган эди. 2007 йилнинг 22 июлида Осиё Кубоги чоракфиналида омад яна саудияликларга кулиб боқди - 2:1. Орадан бир йил ўтиб, 2008 йил 26 мартда жаҳон чемпионати саралаш босқичида ўзбек футболчилари йирик (3:0) ғалабани нишонлаган эдилар. Ўшанда Ўзбекистон термасида Тимур Кападзе, Максим Шацких ва Сервер Жепаровлар ўзларини кўрсатган эдилар.

Жамоалар ўртасидаги яна бир ўйин жаҳон чемпионати саралаш турнири доирасида 2008 йил 22 июнда бўлиб ўтган. Ўртадаги охирги ўйин эса 2010 йил 9 октябрда ўтказилган бўлиб, уларнинг ҳар иккисида Ўзбекистон термаси дарвозасидан жами 8 гол ўтказиб юбориб, мағлубият аламини тортган эдилар.

Барча ўйинларда Саудия Арабистони футболчилари Ўзбекистон термаси дарвозасига 14 тўп уриб, ўз дарвозаларидан атига 6 тўп олиб чиқканлар.

Статистикадан Саудия Арабистони Ўзбекистон учун унча ҳам қулай рақиб эмаслиги кўриниб турибди. Лекин бу ҳаммаси тугади, дегани эмас, албатта. Кўпчилик, Хитой билан ўйин олдидан мавжуд бўлган статистика қандай ижобий бўлганлигини, шу жумладан, ўйин натижасини ҳам яхши хотирласа керак. Балким бу сафар ҳаммаси аксинча бўлар?

Эслатиб ўтамизки, Осиё қитъасининг 16-биринчилиги 9-31 январ кунлари Австралиянинг беш шаҳри - Сидней, Ньюкасл, Брисбен, Канберра ва Мельбурнда бўлиб ўтмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: