Осиё Кубоги 2015: Ишқилиб ҳакам, Саудия Арабистони билан ўйиндаги каби, нохолислик қилмаса бўлди

Дата: 15:42, 21-01-2015.

Тошкент. 21 январ. ЎзТАГ – Ишқилиб ҳакам, Саудия Арабистони билан гуруҳ босқичи учинчи ўйинидаги каби, нохолислик қилмаса бўлди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Австралиядаги 2015 йилги Осиё Кубоги чоракфинал ўйинидан бир кун олдин.

Шимолий Корея ва Хитой термалари билан бўлган ўйинларда ҳакамлик ҳеч қандай эътирозлар туғдирмади. Миржалол Қосимов шогирдлари биринчи жамоани осон енгдилар ва ҳисобни бундан ҳам оширишлари мумкин эди. Иккинчи ўйинда ҳам ҳакам объективлик қилмади, деёлмаймиз.

Ва фақат “В” гуруҳидаги энг муҳим ўйинда бирданига ҳакамлик омили пайдо бўлди. Гап 2005 йилдан бери Халқаро футбол федерацияси ҳаками бўлган австралиялик ҳакам Бенджамин Уильямс ҳақида кетмоқда. У 2014 йилдаги Бразилиядаги жаҳон чемпионати ўйинларига ҳам ҳакамлик қилган.

Унинг бошчилигида 2015 йил 11 январдаги Эрон ва Баҳрайн ўртасидаги ўйин объектив бошқарилди. Ўйин давомида у ҳар икки жамоа ўйинчиларига биттадан сариқ карточка берди, Эрон ўйинни 2:0 ҳисоби билан ютди.

Шундан бир ҳафтадан кейин, 18 январда, Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги ўйинда, у ўзбек жамоаси дарвозасига содир бўлмаган қоидабузарлик учун пенальти белгилади. Тўғри, саудияликлар қанотдан тўп оширган, жарима ҳудуди ичида кураш бўлган, саудиялик ўйинчи майдонда йиқилган, унинг билан бирга ўзбек ҳимоячиси Денисов ҳам қулаган эди. Лекин, ҳар жиҳатдан қараганда пенальтига тортадиган ҳеч нима бўлмаган эди.

Аммо ҳакам саудияликларга 11 метрлик тепишга имкон берди. Турнир давомида саудияликлар икки маротаба пенальтидан фойдалана олмаган бўлишса-да, бу сафар ҳисоб тенглашди - 1:1. Агар ўзбек термаси иродали ўйин кўрсатиб, Саудия Арабистони дарвозасига иккита 100% голни урмаганида, Жанубий Корея билан бугун бошқа жамоа тушган бўлармиди?

Ўзбекистон ва Жанубий Корея термалари ўртасидаги ўйин 22 январда Тошкент соати билан 12.30да Мельбурндаги Тўғрибурчак стадионда бўлади.

Эслатиб ўтамизки, қитъанинг 16-биринчилиги 9-31 январ кунлари Австралиянинг Сидней, Ньюкасл, Брисбен, Канберра ва Мельбурн шаҳарларида бўлиб ўтмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: